Хитойлик санъаткорлар Самарқандда концерт берди
Вилоят мусиқали драма театрида Хитой Марказий опера театри санъаткорлари иштирокида “Қувноқ Хитой Янги йили” номли концерт дастури намойиш этилди.
Концерт аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Хитой кўп асрлик тарихга эгалиги, кейинги пайтда икки давлат ўртасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб борилаётгани ҳамда яқинда ушбу мамлакатга ташриф давомида турли соҳаларда янги ҳамкорлик шартномалари имзоланганини таъкидлади.
Хитой Халқ Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган концертда хитойлик таниқли санъат усталари томонидан Хитой ва Ғарб композиторларининг асарлари, Хитой халқ миллий қўшиқлари ижро этилди.
Ўзбекистонлик ёш опера хонандаси Азиз Маматов ижросидаги ариялар ҳам томошабинларга хуш кайфият бағишлади.