ДХМ: Хизматлар сони 200 тага етказилади

Бугун Давлат хизматлари кўрсатиш маркази ҳақида эшитмаган, билмаган одам қолмади, ҳисоб. Чунки, айни пайтда давлат идоралари билан боғлиқ кўпгина муомала ва масалаларимиз айни шу идоралар орқали ҳал бўляпти.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева иштирокида Самарқанд шаҳридаги марказда ўтказилган пресс-турда бу ерда яратилган шароитлар, кўрсатилаётган хизматлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Маълум бўлишича, айни пайтда марказда кўрсатилаётган давлат химатлари сони 176 та етган. Бунинг учун 20 нафардан ортиқ оператор соат 9:00 дан кечки 18:00 гача танаффуссиз хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, соат 20:00 гача "Сўнгги мижозгача" тамойили асосида навбатчилик ташкил қилинган. Эътиборлиси, дастлабки пайтларда кўрсатилган хизматлар сони 37 та бўлгани ҳолда, бугун улар 176 та етди. Хизматларнинг 10 таси кейинги 6 ой давомида йўлга қўйилган. ID-карта, хорижга чиқиш паспорти расмийлаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш шулар жумласидан. Ҳозирги кунда экстерриториал тамойили, яъни фуқаролар доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар бу хизматдан фойдаланишлари мумкин.

Дарвоқе, марказда инвесторлар учун миллий услубда жиҳозланган махсус хона ва фарзандлари билан ташриф буюрганларга қулайлик яратиш учун болалар хонаси ташкил қилинган. Давлат химатларидан онлайн фойдаланишни истовчилар учун алоҳида компьютер ва махсус қурилма ўрнатилган. Кўрсатилган хизматлар учун тўловни шу ернинг ўзида амалга ошириш мумкин. Марказда нотариус хизмати ҳам ташкил қилингани ташриф буюрувчилар учун яна бир қулайлик, дейиш мумкин.

- Шу кунгача фақат 16 ёшга тўлган фуқароларга ID-карта берилар эди, - дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Қурбонов. - Айни пайтда вояга етмаган болаларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилмоқда. Шу ўринда маълумот ўрнида айтиш лозим, барча ҳудудларда Самарқанд шаҳридаги миқдорда давлат хизматларини кўрсатишни йўлга қўйиш чоралари кўриляпти. Яқин кунларда у чекка туман бўладими ёки вилоят марказими, жисмоний ва юридик шахслар учун бирдек хизмат кўрсатилади.

Ҳуқуқий саводхонлик қандай оширилади?

Пресс-тур якунида вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриев ва тизимдаги бошқа мутасаддилар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Қайд этилганидек, давлат хизматлари кўрсатиш адлия тизимининг бир йўналиши холос. Айни пайтда вилоят адлия бошқармаси тизимида 600 нафардан кўпроқ ходим меҳнат фаолиятини олиб боряпти.

- Барча ходимлар вилоятдаги мавжуд 1126 та маҳаллага бириктирилган, - дейди С.Нуриев. – Нега, нима учун, деган савол туғилиши табиий. Айтиш мумкинки, ходимларимиз белгиланган вақтларда маҳаллаларга чиқиб, бу ердаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспектори билан ҳамкорликда ҳуқуқий муаммоларни аниқламоқда.

Бугун биз одамлар юридик ёрдам сўрашини кутмаяпмиз, ўзимиз улар ҳузурига боряпмиз. Мулкий муносабатлар, оилавий низолар бўйича ҳолат кўплиги учун тегишли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бориляпти.

Бундан ташқари, вилоят адлия бошқармаси, туман ва шаҳар адлия бўлимлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 109 та қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган.

Жорий йилнинг 1-ярим йиллигини ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 2021 йил январь-июнь ойларида 340 та ноқонуний қарорлар қабул қилинганлиги аниқланиб, киритилган таъсир чораларга асосан 178 та ҳоким қарори, фармойишлари бекор қилинган ёки мувофиқлаштирилган. Яъни, 2021 йилнинг дастлабки олти ойига нисбатан 2022 йилнинг мос даврида ноқонуний қарорларнинг қабул қилиниши ҳамда уларнинг бекор қилиниши 1,2 бараварга камайган.

2021 йил 1 октябрдан эътиборан барча туман ва шаҳарларда вилоят адлия бошқармаси ҳузуридаги юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан 2022 йил 1 июль кунига қадар 79 591 та давлат органлари ва ташкилотларидан келиб тушган буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар кўриб чиқилган. Шундан 7 254 та буйруқ, фармойиш, шартнома ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан рад этилган.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан юборилган 238 та 7 млрд. 108 млн. сўмлик шартномалар лойиҳаси амалдаги қонунчиликка зид равишда тузилганлиги сабабли салбий хулоса берилган.

Эътиборга молик рақамлар

Пресс-тур ва матбуот анжумани давомида қайд этилган айрим рақамлар кишида фахр ва айни дамда қаноат ҳиссини уйғотиши шубҳасиз.

Мисол учун, 2022 йил 6 ойида марказлар орқали жисмоний ва юридик шасхларга 636 минг 704 та давлат хизматлари кўрсатилган. Уларнинг 142 минг 254 таси ёки 22 фоиздан кўпроғи онлайн, яъни ЯИДХП (my.gov.uz) орқали тақдим этилган.

Марказлар томонидан жорий йил 6 ойида жами 44 755 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Таҳлилларга кўра, жорий йил ўтган 6 ойида 2021 йилнинг мос даврига нисбатан давлат рўйхатидан ўтказилган тадбиркорлик субъектлари 28 270 тага кўпайган. Биргина шу рақамларнинг ўзиёқ бизнесни рўйхатдан ўтказиш бўйича бежизга дунёнинг ТОП-10 талигига кирмаганимизни кўрсатиб турибди. Марказ мутасаддиларининг айтишича, тадбиркорлик субъекти марказдан чиқиши билан ўзи ишини бошлаши учун барча шароитлар яратилган. (Ҳатто муҳр ва тамғаларни ҳам шу ерда тайёрлатиш мумкин).

Давлат хизматлари кўрсатиш маркази мутасаддиларига кўра, 6,5 миллионта далолатнома рақамлаштирилган. Яъни, тизимда инсон омилини камайтириш, бюрократия, турли сунъий тўсиқларнинг олдини олиш учун барча чоралар кўриляпти.

Ё.МАРҚАЕВ.