“Хўжа Исҳоқи Вали” жоме масжидида эшитиш ва гапириш имконияти йўқ фуқаролар йиғилди
Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Исҳоқи Вали” жоме масжидида “Сиз бизга кераксиз!” шиор остида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирда 400 дан ортиқ эшитиш ва гапириш имконияти чекланган фуқаролар жам бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги ва “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда жамоатчилик томонидан ташкил этилган тадбирга келган фуқаролар бу сафар масжидга ибодат учун таклиф этилмади. Уларни чақиришда меҳр-мурувват кўрсатиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсад қилинди.
– Минг афсуски, эшитиш ва гапириш имкониятига эга бўлмаганлар орасида йўлдан адашиб, миссионерларнинг таъсирига тушиб қолаётганлари ҳам бор, – деди Самарқанд вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов. – Шу боис маърифий тадбирларни ўтказиб, уларни ҳидоят йўлига бошлаяпмиз. Энди чисмоний имконияти чекланганларга алоҳида эътибор қаратиш, уларга ёрдам бериш мақсадида бундай тадбирлар йил давомида туманларда ҳам ташкил этилади.
Тадбир қатнашчиларига “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан эсдалик совғалари топширилди.