Хонадонларимиз доим чароғон бўлсин!
Энди-чи? Энди олдинги хавотирларга ўрин йўқ. Чироқ ўчмайдиган бўлди. Электр таъминотчилари шундай ваъда беришмоқда.
Касб байрами арафасида шу ва бошқа саволлар билан «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти директори Маҳмуд ПАРДАЕВга мурожаат қилдик.
– Дарҳақиқат, бундан олдинги йилларда шаҳар ва туманларда электр энергиясининг тез-тез узилиб туриши, бу эса истеъмолчиларимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлиши кузатилган эди. Энди баъзи ҳолатлардан истисно тарзида бундай бўлмайди. Сабаби аниқ. Кейинги йилларда мамлакатимизда энергетика соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 июндаги "Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш имконини бермоқда. Қарорда янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриб, ишга тушириш, электр тизимини кенг кўламда модернизациялаш, замонавий электр манбаларини татбиқ этиш, электр энергияси, ишлаб чиқариш ва узатишдаги йўқотишларни камайтириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш назарда тутилган.
Кези келганда шуни айтмоқчиман. Жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида вилоят бўйича жами 3,7 миллиард киловатт-соат электр энергияси етказиб берилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 143,1 миллион киловатт-соат кўпдир. Шундан 1,7 миллиард киловатт-соат ёки 47 фоизи аҳолига, 0,4 миллиард киловатт-соат электр энергияси ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилди.
– Келинг, рақамларни қўйиб турайлик-да, электр энергиясида узилишларнинг олдини олиш юзасидан бажарилган амалий ишлар ҳақида тўхталайлик.
– Вилоятимиз бўйича жами истеъмолчилар сони 748 минг 848 тани, шундан аҳоли хонадонлари 719 минг 341 тани ташкил этади. Бу жуда катта қамров. Энди сиз айтган амалий натижаларга келадиган бўлсак, энг кўп эътироз билдириладиган Самарқанд шаҳридаги Сўзангарон, Сўзангарон-1, ўафур ўулом, Садриддин Айний, Рудакий, Бағдод, Сартепа, Самарқанд туманидаги Гулобод, Жўйисой, Оҳалик, Сафеди маҳаллаларида электр таъминоти барқарорлашди. Оқдарё туманидаги Даҳбед, Қўшработ туманидаги Катта Оқмасжид, Самарқанд туманидаги Арабхона каби оғир тоифаланган маҳаллаларда янги трансформаторлар ўрнатилиб, мавжудлари мукаммал таъмирланди. Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманини электр энергияси билан таъминловчи "Афросиёб" нимстанциясида юклама билан ишлаётган трансформатор янги қувватли трансформатор билан алмаштирилмоқда. Нуробод туманидаги Жом маҳалласига 27 километр узунликда 35 киловатт кучланишли электр энергияси узатиш тармоғи тортилди ва трансформатор ўрнатилди. Бунинг учун 9,1 миллиард сўм маблағ сарфланди. Нарпай туманидаги "Тинчлик" нимстанциясида ҳам қувватни ошириб берадиган янги трансформатор ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
220 киловольт кучланишли "Чўпонота" ва "Самарқанд" нимстанцияларида юклама билан ишлаётган 3 та трансформатордан 2 таси қуввати 200 мегаватт бўлган трансформаторларга алмаштирилди.
Умуман, 2017-2018 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича республика ишчи гуруҳи томонидан жойларда аҳоли ва маҳалла фаоллари билан мулоқотлар ўтказилиши ва ўрганилиши натижасида қўшимча 21 та трансформатор пунктлари янгиланди ва реконструкция қилинди. Бунинг учун 600,0 миллион сўм маблағ сарфланди.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида вилоятдаги электр энергияси истеъмолчиларига қўшимча равишда 275 мегаватт қувват захираси яратилиб, 353 та маҳаллалардаги 184 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари, шу билан бирга, саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг электр энергияси таъминоти мустаҳкамланди ва сифат даражаси яхшиланди. Шунингдек, вилоятда ташкил этилаётган саноат зоналарини ҳам узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида муайян ишлар бажарилмоқда.
Вилоят бўйича тизимда амалга оширилган ишларга жамиятнинг ўз маблағлари ҳисобидан жами 75 миллиард сўм сарфланди.
– Президентимиз ташаббуси билан тизимда янгиланиш жараёнлари бошланмоқда. Жумладан, республикамизнинг бир қатор жойларида гидроэлектростанциялари қурилмоқда, қайта тикланадиган электр манбалари барпо этилмоқда. Бу борада вилоятда қандай чора-тадбирлар белгиланган?
– Ҳали айтганимдек, юклама билан ишлаган трансформаторлар, эскирган симлар янги, кучли ва замонавийларига алмаштирилмоқда. «Хишрав» ГЭСда ҳам реконструкция ишлари бажариляпти. Маълумки, Самарқандда 100 минг МВтлик қуёш электростанцияси барпо этилаётган эди. Кейинги ўсиш ва тараққиётга бу қувват камлик қилиши сезилди. Президентимизнинг Туркия Республикасига ташрифи чоғида ишбилармонлар доираси билан унинг ўрнига 500 МВтлик қуёш электростанцияси қуришга келишиб олинди. Шунингдек, мини-электростанциялар қуришга, шамол генераторларидан фойдаланишга ҳам рухсат берилган. Бундай янгиликлар тез орада ўзимизда ҳам кенг жорий этилса ажаб эмас.
– Электр энергиясининг доимий бўлиб туриши истеъмолчиларнинг муносабатига ҳам боғлиқ. Шундай эмасми?
– Тўғри гап. Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш мақсадида вилоят бўйича 22 та авария хизмати бригадаси тузилиб, улар алоқа воситалари, 30 та махсус автомашиналар билан таъминланган. Юқоридаги саволингизга келсак, қарс икки қўлдан чиқади. Одамларимиз энергия, уни ишлаб чиқарувчилари меҳнатига ҳурматда бўлмасалар, чироқнинг ўчиб туриши давом этаверади. Энергиянинг кўп йўқотилиши ўзбошимчалик билан симларни улаб олишга, ҳуда-беҳуда энергияни сарфлашга тўғри келади. Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикамизда 31 минг километр эгасиз симлар мавжуд экан. Эгасиз деганимиз электр симини қўлбола симёғоч, хода воситасида тортиб олиш ёки рухсатсиз улаб олиш дегани. Бу рақам вилоятимизда 260 километрни ташкил этмоқда. Бунинг устига электр чироқларни беҳуда ёқиб қўйиш, тежамкор светодиод лампалар ўрнига ҳамон кўп энергия сарф қиладиган чўғланма лампалардан фойдаланаётганлигимизни қўшсак, ҳисобини ўзингиз чиқариб олаверинг.
Нима бўлганда ҳам энди электр энергиясида узилиш бўлмаслиги кафолатланмоқда. Бунинг учун нурчиларимиз ислоҳотларни дадил жорий этиш йўлида самарали ва сифатли ишлашга ҳаракат қилмоқдалар.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимизни, қолаверса, вилоятимиз аҳлини касб байрами ҳамда кириб келаётган Янги йил билан қутлайман.