Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Эрдўғон Туркия Исроилга “Ливия ва Тоғли Қорабоғ каби” кириши мумкинлигини айтди, Исроил томони жавоб қайтарди
🔹 Туркия илгари Ливия ва Тоғли Қорабоғда бўлгани каби Исроилга ҳам кириши мумкин, деди Ражаб Тоййиб Эрдўған. Шу тариқа Туркия президенти Голан тепаликларига қилинган ҳужумдан сўнг Ливан ва Исроил ўртасидаги кескинлашган вазиятга изоҳ берди. Исроил ташқи ишлар вазири Исраэль Кац бунга жавобан Эрдўғон Исроилга ҳужум қилиш билан таҳдид қилиб, “Саддам Ҳусайн изидан кетаётганини” айтди.
🔹 Бир қанча хорижий авиакомпаниялар Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳужумлари хавфи туфайли Ливан пойтахтига парвозларни тўхтатди.
🔹 Николас Мадуро Венесуэладаги президентлик сайловларида ғалаба қозонди. Аргентина, Перу ва Чили Николас Мадуронинг ғалабасини тан олишдан бош тортган. Халқаро кузатувчилар ўз хулосаларини айтмагунча, улар Николас Мадуронинг ғалабасини тан олмаслигини айтган ва "протоколларни текширишда тўлиқ шаффофликка" чақирган.
🔹 Қозоғистон ҳукумати буғдой импортига қўйилган тақиқни 2024 йил охиригача узайтиришга қарор қилди. Бундай қарорга асосий сабаб – Россиянинг чегарадош вилоятларидан буғдойни ноқонуний олиб кириш ва кейинчалик уни қайта экспорт қилиш хавфи давом этаётгани дейилган.
🔹 Грузияда эса буғдой захиралари деярли тугаган, уннинг фаол импорти туфайли тегирмонлар яқин кунларда ишламай қолади.
🔹 Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос Туркия парламентида нутқ сўзламоқчи. Фаластин раҳбари Туркия парламенти раисидан парламентда чиқиш қилиш учун расмий таклиф олган. Ҳозирда дипломатик каналлар орқали Аббоснинг нутқи санасини аниқлаш устида иш олиб борилмоқда.
🔹 Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг қариндоши Олимпиада ўйинларига кетаётганида 11 дона қимматбаҳо сумка ўғирлаб кетилган. Аёлнинг юки Ниццадан Парижга кетаётган тезюрар поезд бортида ўғирланган.
🔹 Ҳуқуқ-тартибот идоралари Франция Ички ишлар вазири Жералд Дарманин номига ёзилган хатни ушлаб қолишган. Дастлабки текширувларга кўра, унинг ичида вабо вирусли қора кукун бўлган.