Хорижлик олимларни Самарқандда паразитар касалликлар билан қандай курашилаётгани қизиқтирди
Самарқандда республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Л.Исаев номидаги филиали ташаббуси билан АҚШнинг “ING-International” компанияси президенти, академик П.Игнатов, Санкт-Петербург давлат аграр университети доценти В.Турицин иштирокида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Халқаро илмий-амалий конференцияда паразитар касалликларни даволаш ва ташхислаш жараёнида замонавий юқори технологик аппаратларни татбиқ қилиш бўйича хорижлик мутахассислар тадқиқотлари натижалари бўйича фикрларини билдириб ўтди.
Тадбир давомида хорижлик олимлар билан тажриба алмашиш билан бирга, АҚШда фаолият олиб бораётган олим П.Игнатов томонидан яратилган дори препарати асосида бруцеллёз касаллиги бартараф этишда ҳамкорликда иш олиб бориш масаласи муҳокама қилинди.
– Анжуманда ёш олимларнинг чет элда малакасини ошириш, институт томонидан паразитология соҳасида ташкил этиладиган малака ошириш курсларида хорижлик олимларнинг таълим бериш масаласини йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди, - дейди Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Л. М. Исаев номидаги филиали директори Лола Маҳмудова. – Шунингдек, келгусида телемедицинани йўлга қўйиш орқали маҳаллий мутахассисларнинг тажрибасини ошириш бўйича келишувга эришилди.
Маълумот учун, Л.Исаев номли институт қарийб 100 йиллик тарихга эга. 1920-1930 йилларда бутун дунёда, шунингдек, Ўрта Осиёда ҳам безгак касаллиги авж олган вақтларда Россиядан ёш олим бошчилигида экспедиция гуруҳи ушбу касалликни бартараф қилиш учун сафарбар қилинган. Гуруҳ томонидан оламшумул ишлар олиб борилиши натижасида безгак ва лейшманиоз каби касалликларига олиб келувчи занжир узилган. Л.Исаевнинг саъй-ҳаракати билан Ўзбекистонда юқоридаги касалликлар батамом йўқ қилинган. Олим умрини охиригача Ўзбекистонда қолиб ўз ҳаётини паразитология соҳасига бағишлаб, институтга асос солган.