Хотира майдонини обод қилиш нега хотирадан кўтарилди?
Яқинда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 78 йиллиги юртимизда кенг нишонланди. Аксарият жойларда Хотира майдонлари ободонлаштирилиб, айнан шу жойда тадбирлар ўтказилди.
Бироқ Ургут тумани "Бешкон" маҳалла фуқаролар йиғинидаги Хотира майдони бундан мустасно. Бунёд этилганига анча йил бўлган майдон хароб аҳволда. Унинг қандай ҳолатда экани ҳақида суратларнинг ўзи "сўзлаб" турибди.
Давлатимиз бундай жойларга эътибор қаратаётган, одамларни бирлаштирса, кўнгиллилик билан ободонлаштиришга бош қўшадиганлар кўплаб топиладиган оддий ҳолатда мутасаддилар нега бепарво? Уларнинг бунга беэътибор эканликларини қандай баҳолаш мумкин?
Ушбу Хотира майдонига Ургут тумани ҳокимлиги, бу юмушни бажаришга бевосита масъул раҳбарлар эътиборини қаратади, деган умиддамиз.
Шу ўринда вилоятимиздаги бошқа айрим Хотира майдонларида ҳам бу каби ҳолатлар мавжудлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Ҳурматли масъуллар, Сизнинг ҳудудингиздаги Хотира майдонининг ҳолати, саранжом-саришталиги хотирангиздан кўтарилмаганми?..