Хусусий сектордан декретга чиқилса...
— Хусусий ташкилотда ишлайман. Менинг декрет пулим қандай тартибда берилади?
— Хусусий ташкилотда ишлаётган ходимга ҳомиладорлик ва туғиш таътили пули “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида”ги низом талаблари асосида тўланади. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси нафақани тайинлаш ва тўлаш учун асос бўлади. Бу ҳужжат расмийлаштирилган кундан бошлаб 5 иш куни ичида ундаги маълумотлар ҳудудий амбулатор-поликлиниканинг ёки туғруқхона муассасасининг масъул ходими томонидан “Тиббиёт” ахборот тизимига киритилади ва мазкур тизим томонидан маълумотлар “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинган маълумотлар асосида автоматик тарзда текширилади. “Тиббиёт” ахборот тизими томонидан текширилган маълумотлар автоматик равишда “Ягона реестр” ахборот тизимига юборилади.
Шундан сўнг “Ягона реестр” ахборот тизими томонидан ҳар ойнинг 4-санасига қадар нафақа бўйича тўлов рўйхат (ведомост)лари “Халқ банки”га тақдим этилади ҳамда Жамғарманинг ғазна ҳисобварағидан зарур маблағлар белгиланган тартибда “Халқ банки”га ўтказиб берилади. Кўрсатилган муддатнинг охирги куни байрам ва дам олиш кунларига тўғри келганда, тўлов рўйхат (ведомост)лари ва зарур маблағлар кейинги 2 иш куни мобайнида “Халқ банки”нинг туман (шаҳар) бўлимига тақдим этилади ва молиялаштирилиши мумкин. Нафақани тўлаш учун “Халқ банки” ва унинг бўлимларида алоҳида махсус банк ҳисобварақлари очилади. Шунингдек, “Ягона реестр” ахборот тизими томонидан тўлов рўйхат (ведомост)лари банк пластик картаси бўйича шакллантирилади. Бунда тегишли банклараро репроцессинг марказларидан нафақа олувчининг номига очилган, актив ҳолатда бўлган, охирги 60 кун давомида охирги транзакция амалга оширилган банк пластик картаси танлаб олиниши, нафақа олувчининг банк пластик картаси бўлмаганда, тўлов нақд пул кўринишида амалга оширилиши мумкин.
Миркомил ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Пайариқ тумани адлия бўлими ходими.