XX асрдан XXI асрга трансмиллий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури "мерос" бўлиб ўтди
Уларнинг биринчиси, халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар. Иккинчиси, наркобизнес ёки нарко-траффик билан шуғулланаётган жиноий уюшмалар. Учинчиси, одам савдоси билан шуғулланувчи йирик-йирик жиноятчи ташкилотлар.
Фуқароларнинг чет мамлакатларда бўлиш вақтида яшаб, меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида амал қилиниши лозим бўлган қоидаларни билмасликлари аянчли оқибатларга олиб келмоқда. Айниқса, борган юртлари тилини билмаслиги, муайян касб ва малакага эга эмаслиги, аксарият одамларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олмаслиги уларнинг оғир меҳнат шароитларида қул сифатида эксплуатация қилинишига сабаб бўлмоқда.
Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот тадбирлари олиб борилишига қарамасдан, ҳар йили миллионлаб инсонлар "замонавий қуллик", яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли.
Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.
БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик оқибатида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.
Фаррух ҚАҲҲОРОВ,
жиноят ишлари бўйича Конимех тумани суди раиси.