Ягона Туркистон орзуси
Матбуот нашрларидан 34 ҳарфдан иборат ўрта турк умумий алифбоси яратилгани ҳақидаги хабарни ўқиб, тўғрисини айтсам, қувончим ичимга сиғмай кетди. Тилшунос мутахассис сифатида тил бирламчи эканлиги ҳақида ўйлаб, ҳаяжоним бироз босилди.
Ахир, умумий алифбо бўлиши учун ҳамма тушуна оладиган ўрта турк тили ҳам бўлиши зарурда. Тўғри, бир пайтлар турк ўзбекни, ўзбек татарни, уйғур қозоқни, қозоқ эса қирғизни қийналмай тушунган даврлар бўлган. Нега десангиз, ўша пайтларда алифбомиз бир хил бўлиб, ёзув орқали ҳамма бир-бирини яхши англаган. Айтишларича, жануб ва шимолда яшайдиган хитой бир-бирини оғзаки нутқда умуман тушунмас эмиш, улар ёзувлари туфайлигина тил топишар экан. Албатта, бизнинг ёзувимиз иероглиф эмас, аммо алифбомиз муштарак бўлса, қариндош тиллар қипчоқ, қорлуқ, ўғуз лаҳжаларимиз сингари бир-бирларига тушунарли бўлиб қолар эди. Шу маънода, умумий ўрта турк тилига эски ўзбек (чиғатой) тили асос қилиб олинса мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлайман. Қолаверса, буюк Навоий тилини умумий тил бўлишига қардошларимиз ҳам қарши чиқмасалар керак.
Хаёлимда шу фикрлар кечар экан, халқимизнинг: «Айрилганни айиқ ер, бўлинганни бўри ер», деган доно мақоли ёдимга тушади. Дарҳақиқат, одамлар жамоаларга бирлашиб яшашнинг афзалликларини қадим-қадимдан билишган. Буюк империяларни барпо этган тарихий шахслар ҳам ўз салтанатларини азбаройи очкўзлик ва қонхўрликлари боис эмас, балки марказлашган қудратли давлатларда хавфсиз ва фаровон ҳаётни таъминлаш ниятида ҳаракат қилган бўлсалар ажаб эмас.
Ҳаётдан оддий бир мисол келтирадиган бўлсак, собиқ шўро империяси халқини қафасда сақлаган бўлса-да, унинг хавфсизлигини ва оддий эҳтиёжларини имконият даражасида таъминлаб турарди. Аммо собиқ иттифоқдош республикалар устидан қафас олингач, уларнинг бошига аввал пана-панада писиб ётган бало-қазолар ёпирилди. Ҳаммадан аввал миллатчилик балоси бош кўтарди, кейин қимматчилик, диний фанатизм, ундан кейин айирмачилик ва мана, ниҳоят бугун буюк давлатчилик шовинизми, наинки собиқ империя, балки бутун дунё тинчлиги ва хавфсизлигини хатар остига қўймоқда. Ўзини гегемон деб ҳисоблаётган йирик салтанатларнинг катта ўйини оқибатида осойишта яшаётган кичик давлатлар ва халқларнинг тинчлиги бузилмоқда. Ўзи шундоқ ҳам майда мамлакатлар учун яшаш осон бўлмаган.
Иқтисодиёт бўйича мутахассис олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, аҳоли сони 300 миллион кишидан кам бўлган давлатларни чинакам мустақил деб бўлмайди. Ўз-ўзини тўлиқ таъминлаш қобилиятига эга бўлган йирик мамлакатлар эса бармоқ билан санарли. Хитой, Ҳиндистон, АҚШ ҳамда аҳоли сони кўп бўлган бир неча мамлакатларгина ҳеч кимга ва ҳеч нарсага зориқмасдан мавжуд бўлишлари мумкин. Қолган барча 200 га яқин давлат ҳамиша у ёки бу нарсага муҳтож. Айтайлик, Япониядек бой мамлакат ҳам хомашё ресурслари бўйича ташқи дунёга қарам. Ёки Германия Федератив Республикасининг қудратли саноати Россиянинг газига боғланиб қолган эди. Россия ҳақида гапириб ўтирмасак ҳам бўлади. Ушбу мамлакат саноати ғарб технологияларисиз умуман фаолият юритолмайди. Буни кейинги воқеалар яққол кўрсатиб қўйди. Ҳозир у ерда авиа-космик саноат деярли фалаж ҳолатига тушиб қолди. Айниқса, самолётсозлик ва космик техника ишлаб чиқарилиши таназзул ҳолатида. Бунинг устига мамлакатдаги демографик вазият кундан кунга ёмонлашиб бормоқда. «Дард устига чипқон» деганларидек, Украинада олиб борилаётган давомли уруш мамлакат иқтисодиётини тобора ҳолдан тойдирмоқда. Буларнинг барисига сабаб: собиқ империянинг пароканда бўлиб, дунё билан ҳамкорлик ришталарининг узилишидир. Демак, бундан шундай хулоса келиб чиқадики, халқлар ва мамлакатлар учун ягона мақбул йўл - умумий манфаатлар асосида бирлашишдир. Собиқ шўро салтанатида халқлар афсонавий адолатли жамият - коммунизм қуриш байроғи остида бирлаштирилган эди. Ҳозирги Европа Иттифоқи эса дастлаб «Умумий бозор» номи билан соф иқтисодий манфаатлар асосида барпо этилди.
Бугунги кунда халқаро майдонда яккаланиб қолган Россия дунё мамлакатлари билан ҳамкорликнинг ўзгача янги-янги йўлларини изламоқда. Дастлаб МДҲ, Божхона иттифоқи, кейинчалик таъсис этилган Евро-Осиё иқтисодий иттифоқи, ШҲТ, БРИКС сингари ташкилотлар шулар жумласидандир. Аммо уларнинг барчаси манфаатлар муштараклиги бўлмагач, мустаҳкам уюшмага айлана олмади. Эндиликда Москва дунё мамлакатларига «Глобал Жануб» иқтисодий-сиёсий лойиҳасини таклиф қилмоқда. Бу лойиҳанинг туб мазмуни авторитар бошқарувдаги давлатларнинг демократик дунё билан турли жабҳалардаги рақобатига асосланади. Яъни, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Бразилия етакчилигидаги Учинчи дунё мамлакатлари Кучли еттилик давлатлари билан рақобатга киришиб, АҚШ гегемонлигини синдиришлари кўзда тутилган. Бу борадаги дастлабки қадам сифатида доллар тўлов воситасидан воз кечиш ва шу орқали АҚШ молиявий тизимини издан чиқариш режаланган. Шу боис Россияда бўлиб ўтган БРИКСчиларнинг навбатдаги анжумани мавзуси АҚШ долларига қарши қаратилганидан хабардор бўлган уюшма аъзолари йиғилишга молия вазири ўринбосарларининг иштироки билан чекланишди. Ахир, уларнинг деярли барчаси ўзаро молиявий муносабатларини Америка доллари орқали амалга оширади-да. Хўш, шундай экан, БРИКСчилар долларга қанақасига қарши боришлари мумкин? Қолаверса, тарихан бир умр ит-мушук бўлиб келаётган энг йирик Осиё давлатлари - Хитой билан Ҳиндистон бу борада бир ёқадан бош чиқаришлари ақлга сиғмайди.
Ана шундай талотўпли замонда Ўзбекистон ким билан бўлиши керак, деган долзарб савол, табиийки, ҳаммамизни ўйлантиради. Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кўпвекторли бетарафлик сиёсати давр синовидан ўтиб, ўзини оқлаб келмоқда. Бироқ, буюк давлатлар томонидан дунёни юмшоқ куч йўли билан қайта тақсимлашга уриниш кучайиб бораётган бир даврда бу воқеаларни қўл қовуштирган ҳолда бепарво кузатиб ўтириш ҳам ақлдан эмас. Аввалги мақолаларимиздан бирида ёзганимиздек, 500 йилдан буён бетарафлик сиёсатини юрғизиб келаётган нейтрал мамлакат Швейцария ҳам бугунги таҳликали замонда Европа Иттифоқи ва НАТО теварагида бирлашиш учун ҳаракат бошлаб юборди. Ана шундай шароитда биз ҳам ким билан бирга бўлишимиз ҳақида ўйлаб олишимизга тўғри келмоқда.
Фикримизча, бундаги энг оқилона йўл - қон-қардош халқларимиз муштарак манфаатлар теварагида ўзаро бирлашишлари зарур. Халқларимизнинг кейинги даврдаги эришган энг катта ютуғи - мустақилликдир. Шу асосда эски ва янги мустақил туркий мамлакатлар уюшиб, ягона геосиёсий майдонга чиқишса, бу Туркистон тарихи ва тақдирига ижобий йўналиш берган бўларди. Тарихан, сунъий равишда парчалаб ташланган Марказий Осиё бугун бирлашишга ҳар қачонгидан кўра муҳтож.
Бугунги кунда жаҳондаги турли кучли давлатлар томонидан янги-янги геосиёсий режалар қайтадан чизила бошланган бир пайтда бошқа буюк давлатларга қарам бўлиб қолмаслик учун туркий халқларнинг ҳам ўз сиёсий, иқтисодий ва маданий лойиҳаси бўлишини замоннинг ўзи талаб қилиб турибди. Замон талабларига жавоб бермаслик эса келажакда ҳал қилиб бўлмайдиган муқаррар маммоларни келтириб чиқаради. Туркистон азалдан теварак-атрофдаги йирик давлатларнинг рақобат майдони бўлиб келган. Сабаби: биз ҳамиша бир-биримиз билан келишмай, турли империяларнинг таъсир тузоғига ўлжа бўлиб келганмиз. Бундан унумли фойдаланган йирик империялар асрлар давомида Туркистонни ўз тасарруфларига олиш учун кураш олиб борганлар.
Ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталиғида «Туркистон - умумий уйимиз» шиори остида Тошкентда атоқли ёзувчилар Чингиз Айтматов ва Одил Ёқубов раҳбарлигида йирик халқаро анжуман чақирилди. Бу ғоя асосида ташкилий тузилма, унинг ўз банки ва газетаси таъсис этилди. Бироқ орадан кўп ўтмай, ўртада чегаралар қайта мустаҳкамланиб, виза тартиби жорий этилди. Ҳар бир республика ўз ҳаракат траекторияси бўйлаб ривожлана бошлади.
Бироқ бугунги таҳликали замонда минтақамиз мамлакатлари орасида бирлашиб яшашга яна катта эҳтиёж сезилмоқда. Дунёда бир неча сиёсий қутбларнинг пайдо бўлиши туркий халқларни ҳам бир марказ теварагида уюшишга ундамоқда. Бу эҳтиёж айрим мухолифлар ваҳима қилаётганидек, «пантуркизм» ёки «янги турк империйчилиги» эмас, балки, кутилаётган талотўплар хатари олдидаги зарурий бирлашувдир.
Шўро даврида гарчанд, утопик сохта коммунистик ғоялар асосида бўлса ҳам минтақа халқлари бир муштарак мақсад теварагида уюшган эди. Орадаги чегаралар ҳам рамзий бўлиб, иқтисодиётда ўзига хос меҳнат тақсимоти вужудга келганди. Ўлкадаги ҳарбий округ ҳам Туркистон дея номланиб, бизга қадимий тарихимиз ва тақдиримиз муштарак эканлигини эслатиб турарди.
Юқорида айтганимиздек, қизил империянинг емирилиши оқибатида Туркистон заминидаги халқлар ҳам ўз миллий чегаралари қобиғида ўралашиб қолдилар. Кимдир Америкага, кимдир Европага, кимдир Туркияга, яна кимдир Эронга умид кўзларини тикди. Турли омиллар сабаб орада зиддият ва конфликт нуқталари пайдо бўлди. Ҳатто, чегара можаролари юзага келди. Бундан чуқур ташвишланган ойдин фикрли зиёлилар ўлка халқлари орасидаги азалий дўстлик ва қардошлик асосида яна Туркистон бирлиги ғоясини кун тартибига қўя бошладилар.
2014-2015 йиллардаги жаҳон миқёсида содир бўлган маълум ташвишли воқеалардан сўнг турк дунёсида яна бирлашув ҳаракатлари бошланди. Туркиянинг Бодрум шаҳрида туркий тилда сўзлашувчи давлатлар раҳбарларининг икки кунлик саммити бўлиб ўтди. Туркиянинг ўша йиллардаги президенти Абдуллоҳ Гул мезбонлик қилган олиймақом учрашувда Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон раҳбарлари иштирок этишди. Президентлар аниқ лойиҳалар доирасида сиёсий ва иқтисодий интеграцияни кучайтиришга келишиб олдилар. Саммитда, шунингдек, муштарак тарих китоби ва умумтурк алифбосини яратиш масалалари ҳам муҳокама этилди. Бу Турк дунёси Ҳамкорлик Кенгашининг тўртинчи саммити эди. Ўшанда Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти айрим сабабларга кўра, бу анжуманда иштирок эта олмади.
Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланганидан кейин бу борада жиддий ижобий ўзгаришлар рўй берди. Энг аввало, Марказий Осиёдаги қўшни республикалар орасидаги икки томонлама муносабатлар яхшилана борди. Чегаралар очилиб, ўзаро виза тартиби бекор қилинди. 2019 йилда мамлакатимиз ўн йил ўтиб, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлди. Мамлакатимизнинг бу ташкилотга аъзо бўлиб қўшилиши Кенгаш фаолиятига янги мазмун бахш этди.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам бугун Марказий Осиёда истиқомат қилаётган барча халқларга умумий бир манфаат теварагида бирлашишга катта эҳтиёж сезилмоқда. Зеро, шоир ёзганидек:
Бўлакларга бўлиб ташланган макон,
Бугун заруратсан, Ота - Туркистон!
Биргина минтақамизда эмас, балки дунёдаги барча туркий элатлар бир ёқадан бош чиқариб, уюшганларида эди, ҳеч қачон дунёдаги бошқа йирик давлатларга қарам бўлиб қолмасдилар. Айтиш мумкинки, бу борада дастлабки қутлуғ қадамлар қўйилмоқда.
Худойберди Комилов,
сиёсий шарҳловчи.