Якун яқинми? Жаҳондаги нефть ва газ захиралари қанча вақтга етади? Бизда-чи?
Бутун дунёда нефть ва газ қазиб олишни саноатлаштиришнинг бошланиши 1860-70 йилларга тўғри келади. Ўша пайтлардан бошлаб ўтган асрнинг 80-йилларигача “қора олтин” ва “зангори ёқилғи” захиралари том маънода геометрик тарзда ўсиб борган. 1979 йилдаги Эрон инқилоби натижасида юзага келган нефть зарбасини бошидан кечирган одамлар ҳар қачонгидан ҳам кўп янги конларни излай бошлади.
Ўшанда инсоният барча захиралар тугагач, авлодлари нефть ва газ бозори учун қаттиқ курашиши, қайта тикланмайдиган ресурсларнинг тугаш муаммосини ҳал қилиши ва ҳатто муқобил чораларини излаб кўришлари ҳақида ўйлаб кўрмаган бўлса керак.
Йиллар давомида соҳанинг яқинлашаётган ҳалокати тўғрисидаги даҳшатли башоратлар ҳаққоний чиқаётганига ўхшайди. Факт фактлигича қолаяпти: бир кун келиб, углеводородларни қазиб олиш юқори чўққига чиққач, пасая бошлайди ва ниҳоят тўхтаб қолади. Ростдан ҳам, ҳозир нефть ва газ захиралари қанча қолган ва қачон тугайди?
Расмий маълумотлар
Аввало шуни таъкидлаш керакки, жаҳон таҳлилий тузилмалари углеводород хомашёсининг умумий захиралари бўйича тарқоқ маълумотларни тақдим этади, чунки ресурларни ҳисобга олиш турли таснифлар асосида амалга оширилиши мумкин. Аниқлик киритиш мақсадида биз British Petroleum трансмиллий компаниясининг 2020 йил глобал энергияси натижалари бўйича статистик шарҳини асос қилиб оламиз.
Кимда қанча нефть бор?
ВР ҳисоб-китобларига кўра нефть захиралари бўйича мутлақ рекордчи Венесуэладир. Бу мамлакатда 303,8 миллиард баррель нефть бор. Саудия Арабистони Венесуэладан бир оз пастроқ поғонани эгаллайди – қиролликдаги нефть захиралари 297,6 миллард баррелни ташкил этади. Канада ўзининг 169,7 миллиард баррели билан бу учликни якунлайди.
Газ-чи, газ?
30 йиллик давр давомида табиий газ захираларининг тасдиқланган динамикаси бошқача суратларни кўрсатмоқда. 2020 йил ҳолатига кўра дунёда жами 196,8 триллион м3 газ мавжуд бўлиб, “зангори ёқилғи”нинг мамлакатлар бўйича тақсимланишида туб фарқланмоқда.
Ушбу бўғимдаги биринчилик Россияга тегишли: мамлакатдаги табиий газ жаҳон захирасининг 19 фоиздан ортиғини, яъни 38 триллион м3ни ташкил этади. Эрон 32 триллион м3 (16,1%) захиралари билан амалда улар билан тенг. Захирасида 24,7 триллион м3(12,4,%) гази бўлган Қатар ҳам “катта учлик”га киради.
2010 йилда дунёда 208,4 триллион кубометр газ бўлган. 2020 йилга келиб аниқ пасайиш кузатилди, бироқ дастлабки йилларда соҳада ўсиш бўлиб турган эди. 1991 йилда жаҳон захиралари ҳажми 131,2 триллион кубометрни ташкил қилган бўлса, 2001 йилга келиб бу кўрсаткич 168,6 триллион м3га ошди.
Нефть захираларидан фарқли ўлароқ, бошқа минтақаларда газ захиралари жадал ривожланмоқда. 1991-2001 йилларда максимал ўсиш Яқин Шарқда (+28,2 трлн м3), Европа, Шимолий ва Марказий Осиёда (+21,9 трлн м3) қайд этилган.
Захиралар қанчага етар экан?
Углеводород хомашёсининг тўлиқ камайиш муаммосини бўрттириб кўрсатиш экологик кун тартиби ва янги пандемия ҳақиқатида янги маъно касб этди. Бундан ташқари, карантин инқирози дунёга соҳа қанчалик заиф эканлигини яна бир бор кўрсатди.
ВР Энергия ривожлантириш бозори схемаларидан бирида 2050 йилга келиб қазиб олинадиган ёқилғига глобал талаб 85 фоизга қисқаришини тахмин қилмоқда.
Янгиларини қазиб олиш ва маълум бўлганларини такомиллаштириш, олиниши қийин бўлган захираларни қазиб олиш технологиялари қутқариш чамбараги бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бундан ташқари саноатчилар янги конларни қидириш учун геология-қидирув ишларини ривожлантиришлари, шунингдек, оғир геологик шароитларда жойлашган рентабелсиз (фойдасиз) конларни ва нефть ва газ зоналарини ўзлаштиришнинг янги усулларини излашлари лозим.
Шу сабабли кўпчилик келажакка умид билан қарайди. Экспертларнинг бир қисми эса углеводородларни қазиб олиш мавжуд захиралар тугашидан олдин ҳалокатга учрашига ишонишади.
2020 йилдаги инқироз нефть ва газ захираларининг кўпайиши ҳақидаги умидларни пучга чиқарди. Кўплаб геологик қидирув лойиҳалари қисқартирилди, инвестициялар бошқа мақсадларга йўналтирилди. Демак, яқин йилларда нефть-газ саноати олдинга, захираларнинг тугашига қарши кураш эса орқароққа сурилади. Хулоса шу, тахминан 25-30 йил ўтиб, ҳали захиралар тугамасидан дунёнинг аксар давлати нефт ва газдан кечиши мумкин.
Ўзбекистондаги табиий газ захиралари 1,86 триллион кубметрни ташкил қилади
2020 йил якунига кўра Ўзбекистонда табиий газнинг тасдиқланган захиралари 1,86 триллион м3ни ташкил қилди. Ушбу захираларнинг кўпи “Ўзбекнефтегаз” корхонасига, деярли тўртдан бир қисми Россиянинг “Лукойл” компанияси ҳиссасига тўғри келади.
ОАВда 2021 йилда Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми 53,8 миллиард кубометр даражасига режалаштирилгани айтилган. Ишлаб чиқаришнинг асосий қисми “Ўзбекнефтегаз” корхонаси (64,3 фоиз), “Лукойл” иккинчи, “Uz-Kor Gas Chemical” учинчи ўринни эгаллаши кутилмоқда.
Ҳозирги ишлаб чиқариш ҳажмларини ҳисобга олганда, бу камида 34 йилга етади. Бироқ захираларнинг кўпайиши ҳисобга олинса, келажакда бу кўрсаткич юқорироқ бўлиши мумкин.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.