Хитойлик эксперт: «Саудия Арабистони миллий нефть компаниясининг юанга ўтиши "портлаш" бўлади»
Saudi Aramco нефть-газ компаниясининг Хитой билан савдода доллар ўрнига юанга ўтиши нефть бозори учун “ҳақиқий портлаш” бўлиб, замонавий молия тизими учун жиддий оқибатларга олиб келади, дейди Шанхай университети халқаро молия ва савдо факультети декани Чжан Юйгуй "Хуаньцю шибао" газетасида босилган мақоласида.
Унинг сўзларига кўра, ОАВда Саудия Арабистони Хитой билан нефть бўйича битимларни ҳал қилишда юандан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳамда Россия ва Ҳиндистон ўртасида “рупий – рубль” савдо тўлови механизмини яратиш бўйича мулоқотдан сўнг Ғарб жамоатчилиги жаҳон нефть бозорида доллар гегемонлиги заифлашиши ҳақида фикр юрита бошлади.
Юйгуйнинг айтишича, агар 350 миллиард доллардан ортиқ даромадга эга Saudi Aramco компанияси Хитой билан доллардан юанга савдо қилишга ўтса, глобал энергия товар савдоси бозорига таъсир қилади. "Бу ҳақиқий портлаш бўлади. Ғарб оммавий ахборот воситаларидаги бундай башоратлар эса кўпроқ олдиндан тайёрланган сигнал тестларига ўхшайди", дея таъкидлади эксперт.
Баъзи тадқиқотларга кўра, бир мамлакатнинг халқаро валютасининг доминант айланиши одатда 100 йил атрофида бўлади. “Агар бу фикр тўғри бўлса, 1944 йилда Бреттон-Вудс тизими (1944 йил 1 июлдан 22 июлгача бўлиб ўтган Бреттон-Вудс конференцияси натижасида ташкил этилган валюта муносабатлари ва савдо ҳисоб-китоблари ташкил этишнинг халқаро тизими)нинг яратилишидан бошлаб долларнинг гегемон дивидендлар цикли тугашига жуда оз вақт қолди”, деди у.
Мутахассис АҚШ долларини жаҳон иқтисодиётининг “марказий асаб тизими”га муваффақиятли ўрнатган ва ундаги “ҳукмрон куч”га айлантирган “нефть-доллар” тизими 1973 йилдан бошланганини эслатди. “Валюта ўз айби билан йўқ бўлиб кетишга маҳкум”, яъни валюта кучи ҳаддан ташқари «шиширилса», бу охир-оқибат глобал валюта тизимидаги муқаррар ўзгариш ва мувозанатсизликка олиб келади", деб ёзади Юйгуй.
Унинг фикрича, қисқа муддатли истиқболда, доллар учун асосий муаммо Қўшма Штатлар учун мавжуд тизимни сақлаш харажатларининг ошиши бўлади. Миллий кучнинг нисбий пасайиши туфайли эса Яқин Шарқдаги бир қанча йирик нефть қазиб олувчи мамлакатлар талабини ҳисобга олган ҳолда Америка учун бир вақтнинг ўзида уларни қондириш қийин бўлади.
Юйгуйнинг фикрига кўра, узоқ муддатли истиқболда Қўшма Штатлар, эҳтимол, XXI асрнинг ўрталарига келиб дунёнинг энг муҳим иқтисодиёти бўлишни тўхтатади. Бу муқаррар равишда янги пул салтанати марказларининг пайдо бўлишига олиб келади. Бу вақтга келиб, дунёда уч томонлама ёки ҳатто кўп томонлама валюта баланси модели пайдо бўлиши эҳтимолдан холи эмас, дея хулоса қилади эксперт.