Ялангтўш бу, Ялангтўш бу
(қасида)
Бир ўғлонки, баҳодир денг, Ялангтўш бу, Ялангтўш бу,
Паҳлавонки, кўкраги кенг, Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Мозий дейди: ул баҳодир, улуғ ишларга ҳам қодир,
Анча бурун бўлган содир Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Изн сўраб донолардин, Навоийдек даҳолардин,
Англадим бебаҳолардин: Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Нуротада ўтди ёшлик, панд бермади ҳеч бебошлик,
Улғайди сабру бардошлик Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Тақдир сийлаб, Абдуллахон ҳузурида топиб имкон,
Ҳарбий таълим олган ўғлон Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Кўп ўтмайин Бухорода, ўқиб олий мадрасада,
Иззат ошди шу орада, Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Ғамхўр хон ҳам қилмай нари, қўллаб турди ёшу қари,
Йўлга тушди Бағдод сари, Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Ўн еттига тўлиб ёши, бўлди тақводор сафдоши,
Уч ҳудудда туманбоши Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Аввал Булунғурда сорбон, кейин Лойиш бўлди макон,
Эъзозлади Каттақўрғон: Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Самарқандда ул ўттиз йил, ҳокимлик этди муттасил,
Улусини қилди аҳил Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Эпчил, ботир, жасур полвон ёвни жангда этиб яксон,
Олгану Оталик унвон - Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Ногоҳ ҳужум қилгач Эрон, бошланди кўп тўс-тўполон,
Ҳайиқмади бундан ҳеч он - Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Кўтарди туғ ўзбек ўғлон ва қўллади аҳли жаҳон,
Тахтда эди Муҳаммадхон, Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Жунғор хитой босиб келган, ёв ҳолини айлаган танг,
Ватанпарвар бўлган чиндан Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Еттисувда бўлганда жанг, жунғор ҳолин айлабон танг,
Душман юзин этган сур ранг Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Ёвни ортга кетгазган ҳам, босқинчини ютқазган ҳам,
Хонни тахтга ўтқазган ҳам Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Кўриб хоннинг калта қўлин, имкон излаб, топиб йўлин,
Қўллаган ҳам Имомқулин Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
От зўр чопар чўлда дерлар, сайёҳ доим йўлда, дерлар,
Йигит бахти қўлда, дерлар, Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Билакда куч тўлиб тошди, жангга кирса, ёв ҳам қочди,
Ғолибликдан обрў ошди, Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Қамчи босди отга ўғлон, ортда қолди не-не довон,
Етишганда бир қаҳрамон: Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Самар берди уринишлар, кашф этди кўп бурилишлар,
Қилди катта қурилишлар Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Кўриб қанча куюкликни, ҳабиб қилиб суюкликни,
Кашф айлади буюкликни Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Кўҳна юртга дили пайванд юрагида чўғ Самарқанд,
Куну тунда режада банд Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Чорлаб неча пир, оқосоқол, фикрини айтди бемалол,
Маслаҳатни билди ҳалол Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Машварати гоҳ чўзилди, асаблар тез-тез бузилди,
Режалар қайта тузилди, Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Ўйлабди у такрор-такрор, катта ишда ташвиш бисёр,
Охир қилди қатъий қарор Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Регистон, бу - кўҳна майдон, унда қилди янги макон,
Кеча-кундуз излар имкон Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Талаб қатъий, айта-айта, иш қилинди қайта-қайта,
Тин билмаган бундай пайтда Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Ўн етти йил меҳнат учун, кўп хайрли заҳмат учун,
Кўрсатолган қудрат, кучин Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Кўрганлар суйди-я суйди, хўб термулиб ким ҳам тўйди,
Унга Шердор деб от қўйди Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Танлаб олинди ўнг томон, иш бошланди ўша замон,
Иш бошида соҳибмакон Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Бузилиб бир карвонсарой, қаср бунёд бўлган ҳой-ҳой,
Кашф айлаган ажиб чирой Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Ҳа, демайин беш йил ўтди, ташвишни эл ҳам унутди,
Эъзозлаб халқ бошда тутди Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Нуротанинг мард шунқори - қурилиш бош бунёдкори,
Ном ҳам қўйди: Тиллакори, Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Икки ёнда икки минор, Регистонда тўкиб виқор,
Элга маълум устоз меъмор Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Боқсанг агар ҳайратли ул, ҳайрон қилар ҳайбатли ул,
Эл ичида ғайратли ул Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Қараб турсанг кўз тўймайди, қарамасанг кўз қўймайди,
Айтинг, ахир ким суймайди Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Минор минор посбон билан, ўпишади осмон билан,
Эслашар ҳар инсон билан Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Бирам баланд, зўр иншоот, боғлагудай ҳатто қанот,
Кашф айлаган ул улуғ зот Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Бахш айлабон элга ғурур, қўриқчидай турар мағрур,
Кашфиётни келиб бир кўр: Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Муаммони айлабон ҳал, Самарқандга бериб сайқал,
Регистонда қўйган ҳайкал Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Томошага келган сайёҳ, ҳар кун, ҳар дам бўлгай огоҳ,
Яна эслаб бўлар гувоҳ, Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Олисларни кўзлашади, осмон билан сўзлашади,
Беш юз йилки, у яшади Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Ҳамма билар кўргандайин, суҳбат қилиб юргандайин,
Рўпарангда тургандайин Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Қалби тўлиб шижоатга, ҳабиб бўлди нафосатга,
Эришди хўп камолотга Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Боқиб кўзлар тўймайди-я, кетсанг нигоҳ қўймади-я,
Сендай ёниб сўймайди-я, Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Самарқандни жондан суйди, шу юрт дебон, ёниб куйди,
Бинолардин ҳайкал қўйди Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Марҳум аҳлин этибон ёд, қилайин деб руҳини шод,
Хонақоҳ айлаган бунёд Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Умр – қисқа, ўлим ҳақ, ҳой, билиб Даҳбедни сўнгги жой,
Даҳма ҳам қурган ҳойнаҳой, Ялангтўш бу Ялангтўш бу.
Кўринг ўзбек паҳлавонин, эъзозлаб еру осмонин,
Улуғлаган ўзбек номин Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Кунлар бир-бир ўтиб кетди, сўнгги кун ҳам охир етди,
Бандаликни бажо этди Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Ўлим бор инсон бошида, йигирма кам юз ёшида,
Бош эгди ажал қошида Ялангтўш бу, Ялангтўш бу,
Бир ёнида Иқлимажон, бир ёнида Ойбибихон,
Тақдирга тан берган инсон Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Кунлар ўтиб яхши-ёмон, Даҳбед бўлди мангу макон,
Тарих ичра абад омон Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Самарқанд бу – яшнаб турган, Самарқанд бу - жаҳон кўрган,
Самарқанд бу, уни қурган Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Улуғ Султон экан шайдо, “Боқий шаҳар” бўлди пайдо,
Сизни кутар шундай жойда: Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Зарафшоннинг бўйларида, най навонинг куйларида,
Кўрганларинг ўйларида: Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
“Боқий шаҳар” кўрганмисиз? Сайр этиб ҳам юрганмисиз?
Завққа тўлиб турганмисиз? Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Оқшомида порлаб юлдуз, қамашади нуридан кўз,
Лек Регистон боқий усиз, Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Хабар етгай минг йилларга, довруғи достон элларга,
Ўтади тилдан тилларга: Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
О, Самарқанд уч минг ёшда, Султонимиз турар бошда,
Мангу қолган тоғу тошда Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Ренессанс – юксак келажак, ҳали кашфлар кўп бўлажак,
Яна қайта туғилажак Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Кўриб буни эртак дейсиз, шошмай туринг ҳали, эй Сиз,
Ўйлаб яна ғамин ейсиз, Ялангтўш бу Ялангтўш бу.
Ўқиб мисли “Минг бир кеча”, муаммони еча-еча,
Раҳмат дейсиз неча-неча, Ялангтўш бу Ялангтўш бу.
Нур қўйнида ўйнар ғоя, матал топмай ҳеч ниҳоя,
Жўшиб сўзлар зўр ҳикоя: Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Кўнгил, сира қилма фарёд, дуо айлаб, эт номин ёд,
Саркарда руҳи бўлғай шод, Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Дилга илҳом солди қисмат, шуурига инди ҳиммат,
Бир қасида ёзди Исмат: Ялангтўш бу, Ялангтўш бу.
Исмат Санаев.