Яна бир "баҳсли" штат Байденнинг ғалабасини эълон қилди
Висконсин сайлов қўмитаси раҳбари Анне Жейкобс штатдаги президентлик сайловларида демократик партиядан номзод Жо Байден ғолиб чиққанлигини эълон қилди. Бу ҳақда Milwaukee Journal Sentinel хабар бермоқда.
Унинг сўзларига кўра, Дейн ва Милуоки округларида қайта санаш натижасига асосан Байден "баҳсли" штатдан 10 та сайловчилар овозига эга бўлади. Висконсин губернатори Тони Эверс ўз навбатида, штатдаги овоз натижаларини сертификатлаб, демократ номзоднинг ғалабасини тасдиқлади.
Аввалроқ Американинг яна бир штати - Аризона маъмурияти Жо Байденнинг мамлакатдаги президентлик сайловларида ғалабасини тасдиқлаган эди. Fox телеканалининг маълум қилишича, демократ АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трампни ортда қолдириб, 1,672 миллион овоз олган. Бунга асосланиб Байден 11 та овозни қўлга киритиши мумкин.
2020 йил 3 ноябрь куни АҚШда навбатдаги президент сайловлари бўлиб ўтган эди. Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Байден ғалаба қозониш учун зарур миқдордаги сайловчилар овозини олган ва Американинг амалдаги раҳбари Дональд Трампдан ўзиб кетган. Демократ аллақачон ўзини АҚШнинг сайланган президенти, деб эълон қилди. Трамп эса бунга эътироз билдирган ҳолда Байден ўзини мамлакатнинг янги раҳбари, деб аташга шошилаганини айтди. Овозларни ҳисоблаш бўйича муҳокамалар ҳали давом этмоқда.