"Яна келдим бағрингга, қишлоқ"

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “ХХI asr” газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалил 1961 йил 3 ноябрда Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган.

Норқобил Жалил Тошкент lавлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг ўзбек филологияси факультетини тугатган.

У журналистлик фаолиятини Ўзбекистон радиоси муҳаррирлигидан бошлаган. “Туркистон” газетаси бўлим мудири, “Савдогар” газетаси етакчи муҳаррири, “Ўзбекистон овози” газетасида бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, “Халқ сўзи” газетаси бўлим мудири, Ўзбекистон телевидениеси “Маънавият” бош муҳарририяти бўлим бошлиғи, Ўзбекистон МТРК “Юксалиш” студияси бош муҳаррири, “Ўзбекистон” давлат унитар корхонаси телерадиоканали бўлим бошлиғи, “Оила ва жамият” газетаси бош муҳаррири лавозимларида ишлаган.

Норқобил Жалилнинг “Соғинчнинг ранги”, “Қуёшга тик қараб бўлмас” каби китоблари чоп этилган.

***

ОЛИС ХОТИРАЛАР

Яна келдим бағрингга, қишлоқ,
Армонларим сенга кўмилган.
Эски тандир, ўт босган ўчоқ,
Уйимиз ҳам текис сурилган.

Кўзларимда милтирайди ёш –
Хотиралар ерга тўкилар.
Зор қалбимда тугайди бардош,
Менинг йигит қаддим букилар.

Кетиб борар йўлларим ҳам чанг,
Тўзонлари урар кўкракка.
Эҳ, чанглардек қолмай ортимдан,
Ғам чўкади етим юракка…


ЎТТИЗ ЙИЛ СОҒИНЧИ

Дафтарларда қолди кунларим,
Хотирамни кўмаётир вақт.
Сен қайтмагин, қаро тунларим,
Сен қайдасан, мен излаган Бахт?!

Ўтиниб ёлвордим фалакка,
Кўрсатма, кўз ёшу аламни.
Ўттиз йил яшадим – дил яра,
Ўттиз йил соғиндим онамни.

Олис қишлоқ яна чорлайди,
Тушларимда оқшому саҳар.
Соғинчим қуёшдай порлайди,
Мени тушунмайди тош шаҳар.

Кўнгилгинам, тошга айландинг,
Унутдингми, уйни, қишлоқни?
Ўзимдан ўзгага бойландинг,
Онамдай соғиндим тупроқни.

Энди қайга борасан кўнгил,
Қай бир юрак тинглар сўзимни?
Излаяпман сени ўттиз йил,
Ўзимга қайтаргин ўзимни…