Янги китоб: “Етти кун” – ҳаёт сабоқларини мужассамлаштирган асар

Самарқандлик ёзувчи, шоир ва журналист Каримберди Тўрамуроднинг шу номдаги китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Адабиётда эсдаликлар ёзиш қадимдан маълум. Шарқда адабиётнинг бу тури хотиралар, кўрган-кечирганлар дейилади. Халқимиз севиб ўқийдиган асарлардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома"си ана шундай асарларнинг энг гўзал намунасидир.

Ғарбда бу жанр мемуар деб аталиб, ўз даврининг машҳур инсонлари ўзи гувоҳ бўлган воқеа-ҳодисаларни, ўзи таниган, билган кишиларни таърифлаган. Черчилль, Екатерина, Форд, Рокфеллер, Георгий Жуков, Ольга Бертгольц, Людмила Гурченко, Обама каби давлат арбоблари, ҳарбийлар, санъаткорлар, миллиардерлар ана шундай мемуарлар ёзганлар.

Ёзувчи Каримберди Тўрамурод ҳам 60 ёшида ўзи кўрган, эшитган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги эсдаликларини ёзди ва бу хотираларни “Етти кун” деб номлади. Ижодкор ҳаётини етти фаслга ажратиб, таваллуд топган кунида яқинлари, дўстлари, устозлари, шоир ва ёзувчилар, китобсеварлар даврасида китоб тақдимотини ўтказди, хотираларини бўлишди.

Тақдимот маросимида таъкидланганидек, ижодкор асарлари ёшларнинг мутолаага қизиқишини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Унда баён этилган ҳаётий кузатишлар, самимий фикрлар ва хулосалар ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

- Ижодкор бу китобда ўзи яшаган давр воқеаларига ёзувчи назари билан қараб, ёш авлодга ибрат бўладиган хулосаларини баён қилган, - дейди фахрий журналист Тошпўлат Раҳмуталлуаев. – Шу боис муаллиф мемуар ёзган буюклар каби кўпроқ ўзининг ибратларини ёзган. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди. “...Ёмонликларимни ёзмадим, гунохларимни ёзмадим. Аслида, ёмонликларим ҳам, гунохларим ҳам оз эмас.... Китобдан ўзингиз учун бирор фойдали ибрат олган бўлсангиз, буни Аллоҳдан етган иноят, деб билинг”. Асар нафақат хотиралар тўплами, балки ҳаёт мактаби вазифасини ҳам ўтайди. Айниқса, ёшлар учун бу асар ҳаётни англаш, тўғри йўлни танлаш ва ўз устида ишлашга ундайдиган муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Тақдимот маросимида ёзувчи асарлари ҳақида илиқ фикрлар билдирилди, ижодидан намуналар келтирилиб, шеърлари асосида яратилган қўшиқлар куйланди.