Янги китоб: “Топишмоқ, зўр топишмоқ”

Исмат Санаев - таниқли шоир, адабиётшунос ва тарихнавис олим, филология фанлари номзоди. Пахтачи туманида яшовчи ижодкор шу пайтгача китобхонларга элликка яқин китоб ёзган. Асарлари рус, турк, инглиз, итальян ва ҳинд тилларига таржима қилинган. И.Санаевнинг галдаги китоби “Топишмоқ, зўр топишмоқ”, деб номланди.

Тошкент шаҳридаги “Zamin nashr” нашриётида нашрдан чиққан ушбу кўп серияли рисола 8 китобдан таркиб топган. Ушбу серияда ёзилган биринчи китоб “Ўқиғил ўнгу чапдан” деб номланади. Бу китоб асосан анаграммалардан таркиб топган.

***

Адабиётнинг бағри кенг, ижодкорлар ҳам етарли, услублари ҳам хилма-хил, турли мавзуда асарлар ҳам яратилмоқда. Исмат Санаев янгилик қилишга интилиб келаётган адабиётшунос олимлардан бири. Буни унинг ёзган асарлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

2001 йилда “XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрнинг бошларида Зарафшон водийси адабий муҳити” мавзуида диссертация ҳимоя қилиб, унда ижодий фаолияти деярли ўрганилмаганлиги учун кўпчиликка номаълум бўлиб келаётган Нодим Зиёвуддиний, Мирзо Олим Девона, Мирзо Салимий, Абдулаҳадхон Музаффар ўғли Ожиз, Баҳромбек Давлатшоҳ ўғли Таржимон сингари ижодкорлар ижодиёти мисолида ўша давр адабий муҳитининг ўзига хос хусусиятлари, ижодкорлар шахсияти, жамиятдаги ўрни, дунёқараши, бадиий санъаткорлиги, тили ва услуби масалаларини бирламчи манбалар асосида ёритиб берганди.

Туюқ жанрида кўплаб асарлар ёзилган, аммо девон яратилмаган. Одатда,  девон асосан ғазаллардан таркиб топган бўлади. Шоир Исмат Санаев 1010 та туюқни ўз ичига олган “Сўз суйдирган сеҳр” (1996 й.) номли девонини яратиб, ўзбек адабиётида янгилик қилди.

Муаммо ёзиш қийин, ечими ундан ҳам мураккаб. И.Санаев 525 та муаммодан таркиб топган “Имога илҳақ назокат” (1997 й.) номли девонни нашр эттириб, яна янгиликка қўл урди.

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари мақлуби муставий жанрининг мураккаблиги, меҳнатининг оғирлиги, сўз ва ибораларни тескари ўқиш бирмунча машаққатлигини эътиборга олиб, қуйидагича фикр билдирган: “Маълум эмаским, бу фанда ҳаргиз ҳеч киши анча жамъ ва муфид китоб битимиш бўлғай. Бовужуди ихтисор мақлуби муставий санъатидаким, андин мушкулроқ санъат бўлмас”.

Ана шундай мураккаб жанрда назмда битилган 1185 байт (2370 мисра)дан иборат, насрда  ёзилган 19 жумлада ўз ифодасини топган 3443 та мақлублардан жамланган “Бобур, ана рубоб” (“Девони мақлубот”, 2019  йил) номли девонини яратиб яна бир хайрли ишни амалга оширдики, бу таҳсинга лойиқ.

Палиндром – қадимий, қизиқарли жанр. Бу борада адабиётимизда махсус алоҳида китоб яратилмаган эди. И.Санаев назмда битилган 1303 байт ва насрий йўлда ёзилган 48 жумлада ўз ифодасини топган 3 минг 700 та палиндромдан ташкил топган. “Ана қизиқ, ана” (2022 йил) номли китобини нашр эттириб яна бир савобли ишга қўл урди. Палиндром жанрида ўзбек адабиётида яратилган биринчи асар эканлиги жиҳатдан ҳам мазкур китоб муҳим аҳамиятга эга.

И.Санаевнинг жаҳон адабиётида машҳур бўлган, аммо ўзбек адабиётида эътибордан четда қолган, номлари ҳатто луғатларга ҳам кирмаган бадиий санъат турлари хусусида бош қотириб, 8 китобдан таркиб топган “Топишмоқ зўр, топишмоқ” сериясида асарлар ёзди. Бу китоблар жаҳонда машҳур бўлган бадиий санъатнинг ўзбек адабиётида илк бор қўлланилиши жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

“Топишмоқ зўр, топишмоқ” сериясида ёзилган “Ўқиғил ўнгу чапдан”  номли 1-китоб асосан анаграммалардан таркиб топган. Топишмоқнинг янги кўринишдаги бу тури китобхонни ўзига тортади, ечимлари кўнгилга завқ беради, айни вақтда билим доирасини кенгайтиради. Топишмоқлар вақтни беҳуда сарфлашнинг олдини олади, фахр ва ғурур туйғуси жўшиб, самарали ҳамда баракали умр кечириб улкан зафарларга эришишга йўллайди, деган умиддамиз.

Афтондил ЭРКИНОВ,

филология фанлари доктори, профессор.