“Янги нафас” мусобақасида Самарқанддан 8500 нафардан зиёд ҳаваскор иштирок этиши кутилмоқда

Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан шу йилнинг 3 сентябрь куни мамлакатимизнинг 16 шаҳрида “Бир Ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остида ҳаваскорлар ўртасида “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси ўтказилади.

Мазкур мусобақа Олий таълим, фан ва инновациялар, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва бошқа ташкилотлар кўмагида Енгил атлетика федерацияси томонидан ташкил этилмоқда.

Самарқанд шаҳрида ушбу мусобақага тайёргарлик ишларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда  вилоят ҳокимининг  ўринбосари Рустам Қобилов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Санатилла Ғуломназаров, Енгил атлетика федерацияси ижрочи директори Шуҳрат Усмонов ҳамда мусобақа ўтказиладиган шаҳарлар ҳокимликлари масъуллари иштирок этди.

Таъкидланишича, барча ҳудудларда спорт тадбирини ўтказишга фаол тайёргарлик ишлари олиб борилган. Югуриш мусобақалари ўтадиган Тошкент, Нукус, Нурафшон, Гулистон, Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қоровулбозор, Термиз, Қарши, Ғузор ва Хива шаҳарларида кеча трассанинг тайёрлиги текширилган, таъмирлаш ишлари ўтказилиб, мавзуга доир баннерлар тайёрланган. Оммавий югуриш мусобақаси иштирокчилари учун кийим формаси ишлаб чиқилган.

Мусобақалар эрталаб соат 06:30 да шаҳарларнинг марказий кўчаларида 3 километр масофага, Тошкентда эса 3 ва 10 километр масофага бошланади.

– “Янги нафас” спорт ҳаракати бу йили янги миқёсга чиқди ва халқаро спорт тадбири мақомига эга бўлди, – дейди Енгил атлетика федерацияси ижроси директори, “Янги нафас” ташкилий қўмитаси аъзоси Шуҳрат Усмонов. – Биз бу қадам билан бирданига бир неча масалани қамраб оламиз – оммавий спортни ривожлантирамиз, югуриш ҳаваскорларини мамлакатнинг туристик салоҳияти билан таништирамиз ва катта спорт тадбирларини ташкиллаштириш борасида тажриба алмашамиз. Мусобақада Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг югуриш клубларидан аъзолар фаол иштирок этиб келмоқда. Бу гал Туркманистондан ҳам меҳмонлар келиши кутилмоқда. Умуман, 3 сентябрь куни юртимиздаги 16 шаҳарида 100 мингдан зиёд ҳаваскор югурувчи “Янги нафас”да иштирок этиши кутилмоқда.

Самарқанд шаҳрида югуриш мусобақаси “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказида ўтказилиши режалаштирилган.

- Мусобақага 8500 нафардан ортиқ югурувчи иштирок этиши кутилмоқда, - дейди  вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов. - Тадбирга 30 нафар ҳакам, 150 нафардан ортиқ волонтёрлар жалб қилинади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган югурувчилар, “дафтар”ларга киритилган фуқаролар учун квоталар ажратилади. Иштирокчилар ўртасида 12 та ўрин, 6 та номинация бўйича ғолиблар аниқланади.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга масъуллар томонидан батафсил жавоб берилди.

Фазлиддин Рўзибоев.