Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳаллалар кўркам тасвирларда намоён бўлади

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг жорий – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш, белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этишга бағишланган кўргазмали семинари ўтказилди.

Унда ижодий уюшманинг кенгаш аъзолари, ҳудудий бўлимлари раҳбар ва ходимлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Семинар аввалида Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Исфандиёр Латипов сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан 16 февраль куни қабул қилинган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан жорий йилга мўлжалланган устувор ислоҳотлар йўналишлари белгилаб берилганини таъкидлади.

– Фармон ва у асосида тасдиқланган дастурга кўра, жорий йилда юртимиздаги маҳаллаларда 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш орқали қўшимча 100 мингта янги иш ўрни яратилади – деди И.Латипов. – Камбағаллик ва ишсизликдан холи маҳаллалар сони 3,5 мингтага етказилади. Маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштиришга 20 триллион сўм маблағ йўналтирилиб, уларга Янги Ўзбекистон қиёфаси олиб кирилади. Бундай кенг кўламли иш нафақат ҳукумат ва маҳаллий ҳокимликлар, давлат органларига, балки барча ташкилотлар, ижодий уюшмалари ва ҳар бир фуқаро зиммасига улкан масъулият юклайди. Бу ўзгаришлар ва уларнинг аҳамиятини халқимизга кўрсатиш, бутун дунёга намоён этишда “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг муносиб ўрни, фаол позицияси бўлиши лозим. Шунинг учун йил аввалида сизлар билан учрашиб, бу борадаги вазифаларимизни белгилаб олишга қарор қилдик.

Семинарда “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси кенгаши аъзолари – “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳматов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбари Акмал Нур мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу жараёндан юртдошларимизни тасвирий воситалар орқали кенг хабардор этиш “Тасвирий ойина”нинг ўрни муҳим эканлигини таъкидладилар. Шу билан бирга ташкилот олдида турган вазифалар, Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман ва шаҳарлар, маҳаллалар ҳаётини халқимизга намоён этишда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар ҳақида сўз юритдилар.