Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!

Кеча бўлган ҳолат. Таҳририятга келган мурожаат юзасидан ҳудуд масъулларининг фикрини билиш учун туман ҳокимига қўнғироқ қилгандим “бироздан кейин ўзим телефон қиламан” деб ўчириб қўйди.

Ҳали соат саккиз ҳам бўлмади, эрталабдан йиғилишдамикан, деб ўйладим. Ҳозир раҳбарларга осон эмас, бажарилиши керак бўлган ишлар кўп. Туну кун ишлашга тўғри келади. Бунинг устига бугун кабинетда ўтириб ишлаб бўлмайди, сектор, маҳаллабай, хонадонбай деган тушунчалар бор. Маҳаллада, одамлар орасида бўлиш керак. Бу – Президентнинг талаби, бугунги сиёсат талаби. Ана шу талабга жавоб берса, раҳбар элнинг ишончини қозонади, одамларни ортидан эргаштира олади. Йўқса, ўзи жамиятдан узилиб қолаверади, мансабдаги “умри” қисқа бўлади.

Афсуски, бундай масъуллар ҳам кам эмас. Яқинда вилоят коммунал ташкилотларидан бирининг раҳбарига узоқ қишлоқ аҳолиси у бошчилик қилаётган идорага бир неча марта мурожаат қилган бўлса-да муаммоси ҳал бўлмаётгани, бу ҳақда улар бизга ҳам чиққани ҳақида айтдим. “Яхши, ўзим шуғулланиб, масалани ҳал қиламан. Фақат менга эртага бир эслатиб юборинг” дейди. Муаммо нима учун ҳал бўлмаётгани сабабини англагандек бўлдим. Гап ходимларда эмас, раҳбарда экан. У қандай раҳбарки ҳар бир масалани унга кимдир эслатиб туриши керак бўлса. Наҳотки, у мурожаатлар билан ишлаш тартибини билмайди? Масалани дафтарига қайд этиб, масъулларга йўналтирмайдими ёки ўзи шуғулланмайдими?

Ўн дақиқалардан кейин туман ҳокими алоқага чиқди.

– Кеча сайёр қабулда бир аёл оилавий аҳволи жуда оғирлиги, турмуш ўртоғи ва фарзанди ногирон бўлиб қолганлигини айтганди, – деди ҳоким. – Эртага ўзим масъуллар билан уйингизга бориб, шароитингизни ўрганамиз, дегандим. Бугун эрталаб ишни шундан бошладик, оила аъзоларидан ҳол-аҳвол сўраб, хонадонга ёрдам кўрсатиш бўйича зарур ишларни белгилаб олдик.

Мен ҳам аҳоли мурожаати юзасидан уни безовта қилаётганимни билдириб, масалани айтдим. Ҳоким тегишли ўринбосари муаммони ўрганиб, тез орада мурожаатчилар ва таҳририятга маълум қилишини билдирди.

Куннинг иккинчи ярмида аввал мурожаатчилар, ундан кейин туман ҳокими ўринбосари таҳририятга қўнғироқ қилиб, масалага ечим топилгани ва ишлар бошланганини маълум қилди. Бир ҳудуд аҳолисининг муаммосига тезкор ечим топилди, уларнинг давлатга ишончи, раҳбарга меҳри ортди. Энди маҳаллага бориб мамлакатда кечаётган ислоҳотлар “Инсон қадри учун!” тамойили асосида амалга оширилаётгани, аҳолини камбағалликдан чиқариш ва тадбиркорликка ўргатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани ҳақида гапирсангиз, биров кинояли кулмайди, гапингизга эътироз билдирмайди.

Тўғри, ҳамма жойда ислоҳотлар натижаси бирдек намоён бўлмаяпти. Муаммолар бор, одамларнинг дарду ташвиши ҳам кам эмас.  Раҳбарлар, масъуллар орасида пастга тушиб ишлашни, аҳолини эшитишни оғриниб бажараётганлар йўқ, десак хато бўлади. Бундай ҳолатларга ҳам секин-аста барҳам берилмоқда. Муҳими, одамлар, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгаришларга муносабати ўзгариб бормоқда, юрт тақдирига, эртанги кунига бефарқ эмас. Бефарқ бўлганда ҳам бундан аввало ўзи ютқазяпти.

Кеча Президентимизнинг “ Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди ва бу санани муносиб нишонлаш билан боғлиқ вазифалар белгиланди. Бу йилги байрам тадбирлари “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этиши қайд этилди.

Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз. Яхшилаб ўйлаб кўринг, такрор ва такрор айтинг – оддий ёки баландпарвоз гап эмас. Ҳамма давлатда ҳам инсон, фуқаро, шахс азиз, қадр-қиммати улуғ. Ҳар бир давлат шу юртда яшаётган инсонлар учун муносиб шароит яратишга, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ва ҳимоя қилишга масъул ҳисобланади. Бу давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади.

Бугун юртимизда ҳам инсон қадри, аҳоли манфаати, ижтимоий давлат, деган тушунчалар тез-тез тилга олинмоқда. Барча соҳалардаги ислоҳот ва ўзгаришлар концепцияларида бу тушунчалар қайд этилмоқда ва уларга “баландпарвоз” сўзини тиркашдан тийиляпмиз. Чунки бунинг амалий ифодасини йил сайин ўзгариб бораётган ҳаётимизда, турмуш тарзимизда кўряпмиз, ҳис қиляпмиз.

Яқинда вилоятимизнинг олис, аҳолиси тарқоқ жойлашган Нуробод туманидаги маҳаллаларда ўндан ортиқ яқин объект очилгани ҳақида ахборот бериб, буни ислоҳотлар чекка ҳудудларда ҳам бўй кўрсатаётгани билан изоҳлагандик. Куни кеча мазкур туманда яна бир қатор объектлар очилди ва аҳолига хизмат кўрсата бошлади. Биргина Сарикўл маҳалласида маҳалла фуқаролар йиғини биноси, тиббий пункт ҳамда 16-умумтаълим мактабида янги спортзал фойдаланишга топширилди.

Ҳа, шунга нима бўпти? Қурилган бўлса давлат пулидан қурилгандир-да, дейишга шошилманг.

Шу пайтгача маҳаллада ушбу қулайликлар бўлмагани ростми? Энди шу имкониятлар яратилдими? Бундай маҳаллалар ҳали кўп юртимизда, дерсиз. Тўғри, бор. Лекин Сарикўлдаги бунёдкорлик ишлари эртага бошқа маҳаллаларда давом этиши аён-ку. Юрт шу тарзда обод бўляпти, халқ ҳаёти шу тарзда фаровонлашяпти-ку.

– Бу йил маҳалладошларимиз учун унутилмас йил бўляпти, – дейди Абдуваҳоб бобо Баротов. – Айниқса, кейинги уч ойда жуда катта ишлар амалга оширилди. Маҳалламизга бино зарур эди, болаларимиз кўркам спортзалда машғулотларда қатнашишни орзу қиларди, тиббий хизматдан шу ернинг ўзида фойдалансак, дердик. Мана шу орзу-истакларимиз бугун рўёбга чиқиб турганидан хурсанд бўлмай, шукрона айтмай бўладими?

Юртимизда одамлар дарду ташвишини ўз ташвиши деб биладиган раҳбарлар кўп. Сарикўл сингари обод бўлаётган маҳаллалар ҳам кам эмас. Абдуваҳоб бобо сингари тилидан шукрона тушмайдиган миллионлаб нуронийларимиз, юртдошларимиз бор. Энг улуғ, энг азиз байрамимизни “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” деган ғоя билан нишонлашга ҳақли ва муносибмиз!

Ғолиб Ҳасанов.