Янги талабага - янги китоб: Китобхонликка йўл ректор эътиборидан бошланса...

Журналистлик касбининг ўзига хос томонларидан бири шундаки, баъзан кичик бир учрашув ортидан катта ғоя туғилади. Янги ташаббус, янги қараш, жамият учун керакли бир савол ёки ечим пайдо бўлади. Кўрган воқеангдан хулоса излаш, эшитган фикринг ортидаги маънони англашга ҳаракат қилиш, балки бу “касбий одат”дир.

Жорий ўқув йилида олийгоҳлардан бирининг китобхонлар клубида “Савдогарлар устози” асари муҳокамасида қатнашдим. Учрашув одатий китоб таҳлилидан фарқли равишда, ёшларнинг ўз хатоларини англаш ва ўзини тарбиялаш ҳақида очиқ суҳбатга айланди.
Муҳокама давомида иштирокчилардан бири айтган фикр мени ўйлантириб қўйди.

Китобдаги бир воқеадан сўнг ўзимни ислоҳ қилиш ҳақида ўйлай бошладим, - деди у. - Хусусан, боғни қўриқлаб, хўжайинининг рухсатисиз бирор марта ҳам узум татиб кўрмаган Муборакнинг шахсияти тенгдошларим учун зўр ибрат. Зотан, унинг ҳалоллиги сабаб буюк олим Абдуллоҳ дунёга келган экан. Шуни ўқиб, дарсдан сўнг дўконда ишлайдиган инсон сифатида қалбимда "У зот шунча йил боғ ичида яшаб, хўжайиннинг ҳақидан қўрқиб, бир дона ҳам узум емаган экан, мен-чи?" деган савол туғилди. Ўшанда ўз-ўзимга: "Эй нафсим, сен ҳали ўзингни жуда кўп жиҳатдан ислоҳ қилишинг керак экан", дедим.
Биргина воқеа инсоннинг кундалик ҳаётига шундай таъсир қилиши мумкинлигини кўриб, китобнинг асл кучини ҳис қилдим. Муҳокама якунига етгач, модератор йигит менга юзланди.
- Дўстим, узр, сизни биринчи марта кўряпман. Ўзимизда ўқийсизми?
Мен унга ўзимни таништирдим.
- Яхши келибсиз. Бир таклифим бор эди, қандай айтишни билмай юргандим, - деди кулимсираб.
- Китобхонлик танловини биласиз-а? Республика бўйлаб ўтказилади.
- Ҳа, биламан.
- Унинг ташаббускори ким?
- Албатта, давлат раҳбари, - дедим мен.

- Тўғри. Чунки Юртбошимиз ҳар биримизнинг китобхон бўлишимизни истайди. Агар имконлари бўлса эди, ҳар бир ёшни битталаб рағбатлантириб чиққан бўлардилар…
- Энди тасаввур қилинг! Ҳар йили олийгоҳларга минглаб йигит-қизлар ўқишга киради. Умумий қаралса катта рақамлар. Лекин алоҳида, оилй таълим муассасалари кесимида қаралса, битта олийгоҳ талабалари сафига кўпи билан 2-3 минг нафар янги ўқувчи қўшилади. Агар ана шу 1-босқичга қабул қилинган ҳар бир талабага ректор ўз қўли билан битта китоб совға қилса, бу қандай катта эътибор бўларди?
У бироз сукут қилди-да, давом этди:
- Бу шунчаки китоб совғаси эмас. Янги талабанинг олий таълимдаги илк кунларидан бошлаб унга берилган ишонч, рағбат ва тарбиявий таъсир бўларди. Балки, айрим талабалар шу китоб орқали мутолаа қилишга қизиқиб қолар.
Унинг фикрида жон бор эди. Чунки баъзан инсоннинг китоб билан дўстлашуви шаҳар марказидаги катта кутубхоналардан эмас, кимдир берган бир китобдан бошланиши мумкин.
- Бу гапларни газетада чиқарсангиз, келаси ўқув йилидан бошлаб шундай ташаббусни бошлайдиган ректор ёки директор топилар, — деди у.
Бу таклиф китобхонликни тарғиб қилишнинг истиқболли йўли бўлиб туюлди, менга.

Отабек Умиров.