Янги уйлар муборак!

Жумладан, 33 оила Самарқанд шаҳри, ўулом Каримов кўчасидаги реконструкция қилинган уйга кўчиб ўтди. 

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Вилоят ҳокими Т.Жўраев янги хонадон соҳибларини табриклади.

– Қачонки, инсон ўз уйига эга бўлиб, тинч-тотув яшасагина бугунги турмушидан, раҳбарлардан рози бўлади, – деди ҳоким. – Ўй-ташвишлари енгиллашган, мушкулига ечим топган киши янги орзу-умидлар билан яшайди, эртанги кунга ишончи ортади, кучи ва ғайратини эл-юрт фаровонлигига сафарбар этади.

Ўтаётган "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да вилоят аҳолиси фаровонлигини таъминлаш, айниқса, кам таъминланган оилалар, ўзгалар кўмагига муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, улар учун муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда 142 нафар кам таъминланган ва муҳтож оилалар учун қурилаётган уй-жойларнинг бошланғич бадал тўловлари ҳомийлик ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан тўлаб берилди. Мингга яқин имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар туҳфа қилинди. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш мақсадида 2 мингга яқин намунавий лойиҳалар асосидаги арзон уй-жойлар барпо этилиб, ўз эгаларига топширилди.

Самарқанд шаҳрида истиқомат қиладиган ёш оилалар, эскирган уйларда яшаётган фуқароларнинг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш мақсадида алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, 405 хонадонга мўлжалланган 9 та беш қаватли уй қурилиб, битказилди.

Президентимиз ғояси асосида барча шароитларга эга уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилиши юртдошларимиз учун чинакам туҳфа бўлди. Хонадонлар яшаш учун тайёр экани, уларда газ плитаси, ошхона мебели, иситиш мосламалари мавжудлиги, барчани қувонтиради. Бу эътибор ва ғамхўрлик янги хонадонга эга бўлган фуқароларнинг севинчга тўла сўзлари-ю, кўз ёшларида ҳам намоён бўлди.

– Шу давргача яшаётган уйимиз эскирган, зах босиб, яшаш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолганди, – дейди I гуруҳ ногирони Б.Абдужабборов. – Икки нафар фарзандим, турмуш ўртоғимни том босиб қолиши мумкинлигини ўйлаб, тунлари уйқум қочарди. Бугун шинам, замонавий шарт-шароитга эга уйга кўчиб кирганимиздан оилам қувончда. 

Шу куни вилоятимизнинг бошқа шаҳар ва туманларидаги имконияти чекланган фуқароларга ана шундай уйларнинг калити тантанали топширилди. Шунингдек, 40 нафардан зиёд имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари, янги йил совғалари улашилди. 

Тадбирларда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойберганов иштирок этди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).