Янги йил ҳақида қизиқарли маълумотлар

Янги 2020 йил кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди. Янги йил – энг орзиқиб кутиладиган байрам. У қалбларга янги орзу-умидлар ва қувонч бағишлайди. Айниқса, жажжи болажонлар ушбу байрамни итниқиб кутади. Янги йил ҳақидаги қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Янги йил илк марта Рим императори Гай Юлий Цезарь буйруғи билан 1 январ куни нишонланадиган бўлган.
2. Қадимий Турон ва Эрон давлатларида Янги йил 21 март куни нишонланган. Бугунги кунда ушбу санада барчамиз яхши билган Наврўз байрами нишонланади.
3. Хитойда янги йил тўлиқ бир ой - 21 январдан 21 февралгача нишонланади. Хитойликлар ҳам ушбу байрамни тантаналар билан кутиб олади.

4. Петр I буйруғи билан Россияда Янги йил 1 январь куни нишонланадиган бўлган. Унга қадар Янги йил Россияда 1 сентябрь куни нишонланган.
5. Собиқ иттифоқ даврида большевиклар томонидан Янги йил арчасининг безатилиши тақиқланган. Ушбу тақиқ 17 йилдан сўнг бекор қилинган.

6. 1949 йилдан буён 1 январь санаси расман дам олиш куни ҳисобланади.
7. Янги йил оқшомида италияликларда барча эски буюмларни деразадан улоқтириш анъанаси ҳозирги кунгача сақланиб қолмоқда.

8. Янги йил арафасида ёши катталар ва ёш болалар Қорбобога (Европа ва АҚШда Санта Клаусга) хат ёзадилар. Статистикага кўра, ёш болалар томонидан энг кўп сўралган совға – бу компьютер экан. Ёши катталар энг кўп сўраган совға - бу раҳбарларининг музлатиб қўйилишидир.
9. Дунёдаги энг ўлкан Янги йил арчаси Мексика пойтахти Мехикода 2009 йилда ўрнатилган. Унинг узунлиги 110 метр 35 сантиметр бўлган.

10. Қорбобо дастлаб Янги йил байрамининг ягона қаҳрамони бўлган. Бироқ 1873 йилда Александр Островский томонидан ёзилган “Снегурочка” (Қорқиз) асаридан сўнг Қорқиз ҳам янги йил қаҳрамонига айланган. Қорқиз дастлаб Қорбобонинг қизи бўлган. Кейинчалик набирасига айланган.

11. Қорқиз ҳам 1927 йилдан 1937 йилгача бўлган даврда бир муддат собиқ иттифоқ ҳукумати тақиқида бўлган. Фақатгина 1950 йиллар ўрталарига келиб, Қорқиз тўлиқ “оқланган”.
12. Бир қатор МДҲ давлатларида 18 ноябрь куни Қорбобонинг расмий туғилган куни сифатида нишонланади.

13. Совуқ иқлим кузатилмайдиган айрим мамлакатларда Қорбобонинг ўрнига бошқа сеҳрли қаҳрамон мавжуд. Масалан, Камбоджада Янги йилда Қорбобонинг ўрнига Иссиқбобо (ёки Жазирама) уйларга меҳмон бўлиб келади.
14. Ғарб мамлакатлари Қорбобоси – Санта Клауснинг рафиқаси ҳам бор. Одатда у Сантага кўмакчи вазифасини бажаради.
15. Эски Янги йил байрамини нишонлаш фақатгина МДҲ давлатларида оммалашган.

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.