Янги йил куни Иштихонда 3 та янги иншоот фойдаланишга топширилди

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида 3 та мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Қиёт маҳалласидаги 180 ўринли 21-сон мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланди, Халқабод ҳамда Тўпор маҳалласида тадбиркорлар Г.Зойирова ва Ш.Икрамова томонидан ташкил этилган 25 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолият бошлади.

– Туманимизда мактабгача таълим муассасаларида зарурий шарт-шароитларни яратиш, давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим  муассасалари ҳамда оилавий уй-боғчаларини ташкил этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Иштихон тумани ҳокимининг ўринбосари А.Ҳасанов. – Мазкур муассасалар барча зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ошхона, ювиниш хонаси, ётоқхона ва болалар майдончалари замонавий талабларга мос тарзда бунёд этилди.

Тадбир доирасида оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш истагида бўлган 40 нафар тадбиркорга туман ҳокимлиги томонидан рухсатномалар топширилди.

Бобохон ПЎЛАТОВ.