Янги йил умид, қувонч ва янги имкониятлар байрами
Янги йил – ҳар бир инсон ҳаётида янгиланиш, умид ва қувонч рамзи бўлган байрам. Бу кун янги режалар тузиш, орзуларни амалга оширишга интилиш ва охирлаётган йилнинг хотираларини ёдга олиш куни.
Янги йил байрами одамларга бир-бирига меҳр ва илиқлик улашиш, яқинлари билан вақт ўтказиш, оилавий анъаналарни давом эттириш учун ажойиб имкон яратади. Ушбу байрам ҳар биримизни олдинга интилишга ундайди. Бу кунда безатилган арча, турли егуликлар ва совғалар, яқинларни йўқлаш байрам кайфиятини янада юксалтиради. Дунёда энг кенг тарқалган ушбу байрам ҳақида нималарни биламиз?
Энг қадимги янги йил милоддан аввалги 2000 йилда Месопотамияда нишонланган. Ўша пайтда янги йилнинг биринчи куни мартда, хусусан, баҳорги тенг кунлик деб ҳисобланган. Месопотамия аҳолиси ўша куни турли маросимларни ўтказганлар. Ўзларининг олий илоҳи Мардукнинг денгиз илоҳи Тиамат устидан қозонган ғалабасини нишонлаганлар. Баъзида янги ҳукмдорга тож кийдирганлар ёки амалдаги ҳукмдорга давлат бошида қолишга рамзий равишда рухсат берганлар.
Тарихда янги йил ҳар доим ҳам 1 январдан бошланмаган, йил давомийлиги эса доим ҳам 365 кун бўлмаган. Ҳозирги кунда дунё миқёсида фойдаланиладиган Рим тақвимининг биринчи талқинида йил давомийлиги 10 ойдан иборат бўлган. Йил римликларнинг уруш худоси Марс шарафига аталган март ойида бошланган ва 301 кунни ташкил этиб, декабргача давом этган. Милоддан аввалги VII асрда, Рим ҳукмдори Нум Помпилиус даврида тақвим ой циклига ўтказилади ва баъзи ўзгаришлар юз беради. Хусусан, йил давомийлиги 50 кунга ошди, мавжуд ойлар қисқаради ва янгилари - январь ва февраль пайдо бўлади.
Милоддан аввалги 47-йилда Юлий Цезар топшириғи билан “Юлиан тақвими” ишлаб чиқилади. Уни ишлаб чиққан астроном Созиген тўрт йилда бир марта қўшимча кун билан йилни 365 кунгача кенгайтиришни таклиф қилди. Мазкур тақвимдаги яна бир янгилик янги йилнинг 1 январдан бошланиши бўлди. Айнан шу куни Рим Республикасидаги энг юқори лавозим эгалари - Рим консуллари анъанавий равишда ўз вазифаларига киришишган.
Юлиан тақвими христиан дунёсида 1582 йилгача асосий тақвим бўлиб келади. Шу йили католик йўналишидаги христиан давлатларида Рим папаси Григорий ХIII буйруғи билан ишлаб чиқилган “Григорян тақвими” жорий этилади. Григорян тақвимининг қабул қилиниши билан 1 январь янги йилнинг биринчи куни сифатида мустаҳкамланади. Шу билан бирга, турли давлатларда янги йилни нишонлаш анъаналари янада аниқроқ шакллана бошлади.
Қадимги Римда янги йилнинг биринчи ойини январь деб аталашининг ҳам ўзига хос сабаби бор. Римликларнинг Янус номли илоҳи икки юзлиқилиб тасвирланган. Янус илоҳининг икки юзи бўлиши унга бир вақтнинг ўзида ўтмишга ва келажакка қарашга имкон беради, деб ишонишган. Рим аҳолисининг фикрича, Янус эски йил билан хайрлашишни ва янги йил билан учрашишни ўзида мужассам этган. Шу тариқа янги йилнинг биринчи ойи Янус илоҳи шарафига январь деб номлашган.
1 январь янги йилнинг биринчи куни сифатида одамлар онгига ўрнаша бошлар экан, дастлабки вақтларда шу кунда одамлар бир-бирига омад тилаши анъанаси шакллана бошлайди. Одамлар янги йилда билдирилган биринчи истаклар амалга ошиши мумкинлигига ишонишган. Австралия миллий университети классик тадқиқотлар маркази раҳбари, доктор Каилан Давенпорт йилни “ширин” бўлишига умид қилган римликлар ушбу кунда дўстларига совғалар - хурмо, анжир, асал тарқатишганлигини, фаровонлик келтиради деган умид билан бир-бирига танга берганини ёзади.
Умуман, ушбу байрамнинг кўплаб анъаналари борки, улар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Масалан, ҳозирда инглиз тилида сўзлашадиган мамлакатларда кенг тарқалган одатлардан бири - янги йилда ҳар бир одам ўзига-ўзи ваъда беришидир. Ёмон одатлардан воз кечиш, шахсий ҳаётда янгича тартибларни ўрнатиш ва ҳаётни яхши томонга ўзгартиришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишади. Шунга ўхшаш одат қадимги Месопотамия ва унга ёндош ҳудудларда тахминан 6000 йил олдин мавжуд бўлган. 12 кун давом этган “Акиту” баҳор байрамида аҳоли “худоларни тинчлантириш” учун қарзларини тўлашга ва қўшниларидан қарз олган нарсаларини қайтаришга ваъда беришган.
Турли мамлакатларда янги йил анъаналари нафақат антик даврда, кейинги даврларда ҳам шаклланиб келган. Ҳозирда дунё аҳолиси орасида тарқалган янги йил анъаналарининг аксарияти сўнгги 200-250 йил ичида шаклланган. Масалан, ўзининг бой виночилик анъаналари билан машҳур бўлган Испанияда ХIХ асрнинг охирида янги йил кириб келиши олдидан 12 та омад узумини ейиш одати (Las 12 Uvas de la Suerte) пайдо бўлган. Одатга кўра янги йил арафасида 12 та узум истеъмол қилинади, ва узумларнинг ҳар бири бир ойни англатади. Янги йил киргунича барча узумлар еб бўлинса, келгуси йил муваффақиятли бўлади, деб ишонишган.
Ўшандан бери Испаниянинг аксарият ҳудудларида 12 та янги йил узумлари омад ва фаровонлик келтиради, деб ишонилса, айримлар бундай рамзий маросим ёвуз руҳларни ҳайдаб чиқаришга ёрдам беради, деб ишонади. Ушбу анъана Испания билан яқин маданий алоқаларни сақлаб қолган Лотин Америкаси мамлакатларида ҳам тарқалган. Узумлар агар улар байрамни оила аъзолари билан нишонлашса, уйда, янги йил олдидан шаҳар бўйлаб сайр қилинса, асосий майдонларда истеъмол қилинади.
Нисбатан яқинда пайдо бўлган яна бир маҳаллий анъана - Нью-Йоркдаги Таймс хиёбонида вақт шари деб аталадиган шарнинг минора юқорисидан пастга тушишидир. 100 ёшдан ошган анъанага кўра, йилнинг охирги кунида – 31 декабрь куни Таймс хиёбонининг марказий қисмида жойлашган бинонинг тепасидан турли хил рангларда порлаб турган улкан янги йил шари пастга тушади. ХIХ асрда шарлар маёқларда ва портларда кўтарилиб, маълум бир вақтда - одатда пешин ёки соат 1 да пастга туширилган. Шарни кузатаётган денгизчилар унинг ҳаракатидан вақтни аниқлашган. Янги йил шари биринчи марта 1907 йилда янги йил байрами муносабати билан минорадан туширилади. Темир ва ёғочдан ясалган биринчи янги йил шарининг оғирлиги 318 кг., диаметри эса 1,5 метр бўлган. Бугунги кунда шар сезиларли даражада катталашган. Ҳозирда унинг оғирлиги 6 тоннани, диаметри 3,7 метрни ташкил этади. Шар бутун йил давомида минорада осилиб туради ва йилига бир марта – янги йил байрамида ерга туширилади. Шаҳар аҳолиси ўтиб бораётган йилнинг сўнгги сонияларида вақт шарининг тушишидан шунчалик завқланишдики, у ҳозиргача Таймс хиёбонида ўтказилиб келинади.
Григорян тақвимининг дунёдаги устун мавқеига қарамай, кўплаб мамлакатларда ўзига хос, миллий вақт ҳисоби сақланиб қолган. Шунинг учун ҳамма жойда янги йил 1 январда нишонланмайди. Кўпгина мамлакатларда Юлий Цезар ислоҳотидан олдин ҳам маълум бир тақвим даврининг тугашини кўрсатадиган баҳор байрамлари мавжуд бўлган.
Туркий халқлар қуёш тақвимига мувофиқ Наврўзни, баҳор ва янги йил кириши кунини – 21 мартни нишонлайдилар. Хитой янги йили номи сўзма-сўз таржима қилинганда “баҳор байрами” деб номланади ва Григорян тақвимига кўра 22 январдан 9 февралгача нишонланади. Яҳудийларнинг янги йили “Рош ха-Шана” деб номланиб, сентябрь ёки октябрь ойларига тўғри келади.
Янги йилнинг юртимизга кириб келиши Россия империяси даври билан билан эмас, балки Совет иттифоқи билан боғлиқдир. Гарчи 1 январь йилнинг биринчи куни сифатида 1699 йилдан Пётр I буйруғи билан мустаҳкамланган бўлса ҳам, Россия империясидаги эътиборли байрамлар сирасига кирмаган. Совет иттифоқи даврига келиб янги йил оммавий равишда нишонлана бошланади, айни пайтда иттифоқдош республикаларда ҳам кенг тарқалади. Ҳозирги кунда 1 январь дунёвий байрам бўлиб, дунёнинг деярли барча мамлакатларида энг асосий байрам сифатида нишонланади.
Маҳмудхон Юнусов,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.