Янгича усуллар яратган фермер

Яқинда Пахтачининг Қизбиби қирлари этакларига туташ Гўрўғли маҳалласига, султонободлик пахтакор Гулсара Орзиқулова фаолият юритаётган фермер хўжалигига бордим.

Ўртача 5-6 километр келадиган масофани автоуловда босиб ўтарканман, тўғри, кенг ва равон асфальт йўлнинг ҳар икки томонидаги кўркам уй-жой бинолари, боғ ва гуллар оғушидаги ҳовлилар, маданий-маиший объектлар, ишлаб чиқариш иншоотлари эътиборимни тортмасдан қолмади. Булар, мустақиллик берган имкониятлардан, қишлоқ аҳолисининг ўзлари яшаётган заминга меҳру муҳаббати баланд эканлигидан, эртанги  кунга ишонч билан ҳаёт кечираётганлигидан далолат бериб турарди.

Айниқса, бу ҳудуднинг энг жанубий Гўрўғли маҳалласидаги ижобий ўзгаришлар, кенг миқёсдаги бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари яққол кўзга ташланиб турарди. Йўлнинг шундоқ ёқасидаги қишлоқ қабристонининг  атрофи замонавий ва ихчам девор билан ўралганлиги, ички йўлларга асфальт ётқизилиб, ҳатто маҳалланинг энг олис нуқтасидан Навоий шаҳрига доимий автобус қатновининг йўлга қўйилганлиги ҳам юртдошларимизга, одамларга эътибор ва ғамхўрлик етарли даражада эканлигидан далолат берарди.

Қишлоқдаги кўпчиликнинг кўнглидаги ўзгаришлар, унинг янада кўркамлашаётганлигидан ҳайратланганча, манзилга етиб келганимизни ҳам сезмабман. Гулсара опа Нарпай каналининг ўнг тарафида, бироз қуйироқдаги ҳовлиси олдида бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Салом-аликдан сўнг мақсадимизни эшитгач, келганингиз жуда яхши бўлибди, ўзимиз ҳам хўжайиним билан таҳририятга бориб, маҳалламиз ва қишлоғимиз, қолаверса бутун туманимиз ҳудудида амалга оширилаётган, биринчи навбатда одамларни рози қилиш, уларнинг турмуш шароитларини янада яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишларни газета орқали баён этмоқчи эдик, деб қолди.

Суҳбатимиз тўкин дастурхон, бир пиёла чой устида, момосининг атрофида гирдикапалак бўлаётган жажжи неваралари даврасида анча давом этди. Бу орада опанинг умр йўлдоши Ғайбулла ака Турсунов ҳам етиб келди.

Туман ижтимоий-иқтисодий ҳаётида кейинги даврда рўй берган ижобий ўзгаришлар, ривожланиш суръатларидан ўзим ҳам эл қатори хабардор бўлсам-да, Гулсара опанинг фикрлари мени қизиқтириб қўйганди. Шунинг учун ундан ана шулар ҳақда сўзлашини сўрадим.

Гулсара 1953 йилнинг илк куни, январь ойининг биринчи санасида султонободлик уста деҳқон, тажрибали бригада  бошлиғи, қатор орден ва медаллар соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор Орзиқул Жумаев ва Малика опа Жумаеваларнинг аҳил хонадонида дунёга келди. У эсини пахта даласида таниди, десак муболаға эмас. Чунки, отасини жуда яхши кўрар ва имкон қадар ундан айрилмаслик пайида бўларди. Жажжигина қизалоқнинг дадасига эргашиб, далага келиши, ўзларига тинимсиз саволлар беришига бригада аъзолари, қишлоқ қиз-жувонлари ҳам ўрганиб қолишганди. Бироз улғайиб, қўлидан иш кела бошлагач эса ўзи ҳам бригада аъзолари сафидан ўрин олди. Ҳар йили эрта кўкламдан кеч кузгача, пахта ҳосили йиғиб-териб олингунича мактабдаги дарслардан сўнг ғўза парвариши, пахтадан мўл ҳосил етиштирилишида бевосита иштирок этди. Пахтачилик маҳорати сирларини ўрганди. Деҳқончиликда муваффақиятга зришаман деган бригада бошлиғими, хўжалик раҳбарими, энг аввало, ерга, элга эътиборли бўлиши зарурлигини англаб етди. Отасининг юқори меҳнат натижаларига эришиб, эл-юртда ҳурмат-эътибор топишида ерга зарур маҳаллий ва минерал ўғитларни бериш, барча агротехник тадбирларни ўз муддатларида сифатли ўтказиш, шунинг баробарида бригада аъзоларининг ташвишларини ўзиники сингари қабул қилиш, уларга имкон қадар кўпроқ ғамхўрлик кўрсатиш муҳим аҳамият касб этганлигини тушуниб етди.

Лекин, Орзиқул аканинг умри қисқа экан, 1970 йилда бевосита пахта даласида, трактор билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса оқибатида 44 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Ўзининг 17 ёшида деққончиликнинг оқу қорасини таниб улгурган тиришқоқ ва меҳнатсевар қиз бунга қандай чидади, ўзи ҳам билмайди. Ўша йили Самарқанд  қишлоқ хўжалиги институтининг агрономия факультети сиртқи бўлимига ўқишга кириб, 1977 йилда олим-агроном мутахассислиги бўйича муваффақиятли тугаллади. Унга қадар “Пахтакор” жамоа хўжалигида боғча мудираси, пиллачилик агрономи вазифаларида ишлади.

Ўшанда у олий маълумотли мутахассис эмасми, жамоа хўжалиги бошқарувидаги шунга мос лавозимларда ишлаши мумкин эди. Аммо, отасининг ишини давом эттиришни истади. 1978 йилда 126 гектар ер майдонига эга йирик бригадага раҳбарлик вазифаси унга иишониб топширилди.

– Шундан 2003 йил, жамоа хўжалиги тугатилиб, фермерлик ҳаракати бошлангунига қадар 25 йил бригада бошлиғи бўлиб ишладим, – дейди Гулсара Орзиқулова. – Ўша даврларда бирор-бир йил йўқ эдики, пахта етиштириш ва давлатга сотиш юзасидан берилган топшириқни уддаламаган бўлсак. Ғўза парваришида иш сифатига алоҳида эътибор берардик.

Пахта етиштиришнинг энг самарали ҳамда тежамкор усули – чигитни пуштага экиш ҳам жамоа хўжалигида биринчи бўлиб, бизнинг бригадамизда жорий этилганди. Янгича усулда пахта майдонларини чигит экишга тайёрлаш жараёнлари олдингисига қараганда сезиларли даражада қисқарганди. Ғўзапоядан тозаланган далалар бир марта шудгорланиб, молада текисланар, шундан сўнг жўяк олинган ҳолда, захлатиб суғорилар ва етилгач, пуштага уруғ қадаларди. Бу ғўзанинг чуқур ва кенг илдиз отиши учун ҳам қулай бўлиб, ҳосилдорликнинг кўтарилишига хизмат қиларди.

Меҳнатимизга яраша, бригадамиз жамоа хўжалигида энг юқори даромадли ҳисобланарди. Менинг ўзим 230 рубль ойлик маош олардим. Аъзоларимизнинг иш ҳақлари ҳам кам эмасди. Шундай бўлгач, барча бирдек қизиқиб, виждонан ишларди-да! Астойдил меҳнатимиз муносиб тақдирланиб, 1991 йилда биринчи Президентимизнинг имзоси чекилган Ўзбекистон Республикасининг “Фахрий ёрлиғи”ни олганимда хурсандчилигимнинг чеки бўлмаганди.

Ўз вазифангни ҳалол бажарсанг, сидқидилдан ишласанг, буни жамоанг аъзолари сезишаркан, ҳурматингни ўрнига қўйишаркан. Бригадамиз аъзоларининг аксарияти мендан анча ёши катта эркагу аёллар бўлишига қарамасдан опа, ҳатто “эна” деб мурожаат қилишганида, дастлаб уялардим. Кейинчалик ўрганиб ҳам кетдим. Энди бундай ўйлаб қарасам, фақат ишни талаб қилавермасдан, аъзоларнинг ҳурматини жойига қўйсанг, адолатли бўлсанг, ишига яраша вақтида пулининг ҳам берилишини таъминласанг, ишинг юришиб кетаверар экан.

Гулсаранинг нисбатан ёш эканлигига қарамасдан,  ерга ва бригада аъзоларига эътиборли эканлиги бежиз эмасди. У бу фазилатларни болалигидаёқ, отасининг далаларида унинг иш юритиши, ерга ва элга муносабатидан ўзлаштирганди.

Гулсара Орзиқулова жамоа хўжалиги тарқатилиши билан собиқ бригадасига тегишли 97 гектар майдонда “Ҳайробод” фермер хўжалигини ташкил қилди. Фермер хўжалиги гўёки аҳил оилага айланди. Шу боис меҳнат муваффақиятлари, бундан моддий манфаатдорлик янада ортди. Фермернинг ўзи эса 2005 йилда “Дамас” автомашинаси, 2007 йилда “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.

Гулсара Орзиқулова ҳамда Ғайбулла Турсуновларнинг ибратли фаолиятини бугун уларнинг фарзандлари Жамшид ва Анвар Турсуновлар давом эттиришяпти. 2021 йилда “Ҳайробод” фермер хўжалиги ўрнида ташкил этилган, уларнинг бошчилигидаги ҳар бири 50 гектардан майдонга эга янги “Ҳайробод” ва “Ғайбулла ота ерлари” фермер хўжаликларида ҳам бугун пахта ва ғалладан мўл ҳосил олинмоқда. Жумладан, “Ғайбулла ота ерлари” фермер хўжалиги 2022 йилда пахта тайёрлаш шартнома режасини нафақат туман ва вилоятимиз, балки мамлакатимизда ҳам биринчилардан бўлиб уддалади. “Ҳайробод” ҳам доимий равишда пешқадамлар қаторида. Бунда уларнинг иш юритувчилари ҳисобланган ота-онасининг хизматлари катта.

Издошларнинг меҳнат кўрсаткичлари жорий йилда ҳам ёмон бўлмаяпти. “Ҳайрабод”да дашт ҳудуддаги 33 гектар ғаллазорнинг ҳар гектаридан салкам 60 центнердан сифатли буғдой хирмони кўтарилди. Хўжаликда ўтган йили 17 гектар пахта даласининг гектаридан 33 ўрнига 40 центнердан ҳосил олинганди. Бу ерда жорий йилда ҳам ана шу юксак марра кўзланган.

Олим ХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.