Янгиланаётган Конституция халқ фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади

Шу кунларда мамлакатимизда тарихий жараён қизғин кечмоқда. Халқимиз эртанги кунини, келажагини аниқ белгилаб олиш учун, Янги Конституция лойиҳасига овоз бериш учун референдумга тайёрланмоқда.

Самарқанд вилоят судида анъанавий тарзда ўтказиладиган “Маърифат соати” ушбу тарихий жараёнларга бағишланди. Вилоят суди судяси М.Эргашев янги Конституция лойиҳаси, унда белгиланган суд-ҳуқуқ соҳасига доир янгиликлар тўғрисида маъруза қилди.

Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаларида жами 222 715 та таклифлар келиб тушган ва уларнинг 25 фоизи лойиҳага киритилган.

Лойиҳани тайёрлашда 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин давлат тажрибаси ўрганилган.

Конституция моддалари 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалар 275 тадан 434 тага ошган.

Хусусан, Ўзбекистон “суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат” эканлиги ҳамда ушбу қоидаларни ўзгартириш мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

Шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкинмаслиги, ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиш асослари унга тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи кафолатланмоқда.

Ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суд қарорига асосан чекланиши мумкин.

Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда.

Одил судловга эришиш даражасини ошириш ва судялар мустақиллигини таъминлашга қаратилган қоидалар киритилмоқда. Жумладан:

-ҳеч қайси бошқа орган ёки шахс суд ҳокимиятининг ваколатини ўзлаштира олмаслигини инобатга олиб, “одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши” конституциявий мустаҳкамланмоқда;

- судянинг бошқа органлар ва шахслардан холи бўлишини таъминлаш мақсадида судялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги қатъий ўрнатилмоқда.М.Эргашев ўз сўзи якунида барча судя ва суд ходимларини ушбу тарихий жараёнда аҳоли ўртасида тушунтиришлар, тарғиботлар ўтказишда фаол бўлишга, шунингдек, оила аъзолари билан референдумда фаол қатнашиб, ўрнак бўлишга чақирди.

Шунингдек, вилоят суди судя катта ёрдамчиси А.Абдиев референдум тартиб-қоидалари ҳақида гапирди.

Тадбирда савол-жавоблар, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Айниқса, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.

Самарқанд вилоят суди Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.