Янгийўлда самарқандлик йигит 45 миллионлик «Регапен» билан қўлга олинди
Тошкент вилояти ИИББ жиноят қидирув бошқармаси тезкор ходимлари томонидан жорий йилнинг 9 январь куни Янгийўл шаҳрида ўтказилган тадбирда фуқаро З.Т. қўлга олиниб, ундан тахминий нархи 45 миллион сўмлик жами 80 та конвалютада 1 минг 120 дона «Регапен» ҳамда 250 қути «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи моддалар ашёвий далил сифатида олинган.
Тезкор тадбир давомида Самарқанд вилояти, Булунғур туманида рўйхатда туриб, вақтинча Янгийўлда яшаётган, хусусий дорихона иш бошқарувчиси, 1991 йилда туғилган фуқаро З.Т. яшаш хонадони олдида, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, қора рангли чарм сумка ва полиэтилен пакет ичида 40 та конвалютанинг ҳар бирида 14 донадан жами 560 дона «Регапен» ва 175 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи моддалар сотиш мақсадида сақлаб юрганлиги аниқланиб ушланган.
Олиб борилган суриштирув давомида у дори воситаларининг бир қисмини вақтинча яшаб турган уйида сақлаб келаётганлигини маълум қилган. Шундан сўнг унинг хонадонидан яна 40 та конвалютанинг ҳар бирида 14 донадан жами 560 дона «Регапен» ва 75 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи моддалар ашёвий далил сифатида олинган.
ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан фуқаро З.Т.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 251(1)-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 3-банди билан жиноят иши қўзғатилган.