Японияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган батафсил қўлланма чоп этилмоқда

Маданият ва туризм вазирлиги кўмагида Япониянинг етакчи саёҳлик нашриёти ҳисобланган «Globe-Trotter Travel Guidebook» билан ҳамкорликда Ўзбекистонга бағишланган оммабоп сайёҳлик қўлланмасини янги таҳрирда чоп этиш масаласи ишлаб чиқилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Япониядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш, Япония ҳудудларида мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида юртимизнинг Токиодаги элчихонаси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Маданият ва туризм вазирлиги кўмагида Япониянинг етакчи саёҳат нашриёти ҳисобланган “Globe-Trotter Travel Guidebook” билан ҳамкорликда Ўзбекистонга бағишланган оммабоп сайёҳлик қўлланмасини янги таҳрирда нашр қилиш масаласи ишлаб чиқилди.

Қўлланма жорий йилнинг 20 апрелидан сотувга чиқарилиб, Япония бўйлаб 30 минг нусхада тарқатилиши режалаштирилган. Нашрда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари, улардаги диққатга сазовор жойлари, меҳмонхоналар, ресторанлар, савдо марказлари ва республикага ташриф буюрувчи сайёҳлар учун фойдали бўлган бошқа маълумотлар жой олган.

Сайёҳлик соҳаси мутахассисларининг фикрича, мазкур сайёҳат қўлланмаси Япония фуқароларининг Ўзбекистон, унинг тарихий обидалари ва туристик жозибадорлиги ҳақида ҳабардорлигини оширади, бу эса, ўз навбатида, Япониядан юртимизга сайёҳлар сонининг кўпайишига хизмат қилади.

Жорий йилнинг 13 апрелидан фаолияти тикланаётган «Uzbekistan Airways»нинг Тошкент ва Токиони боғловчи тўғридан-тўғри авирейсларида юртимизга ташриф буюрувчи япон сайёҳлари учун қўлланма ажойиб янгилик бўлиши шубҳасиз.

«Globe-Trotter Travel Guidebook» Япониянинг етакчи саёҳлик нашриёти ҳисобланиб, 1969 йилда ташкил этилган. Компания томонидан ҳар йили япон тилида хорижий мамлакатларга оид саёҳат журналлари, газеталар ва қўлланмалар 8 миллион ададда чоп этилади.