Японияда рекорд ҳажмдаги кокаин моддаси қўлга олинди

Япониянинг Йокогама бандаргоҳида 700 килограмм кокаин моддаси қўлга олинди. Бу ҳақда Киодо агентлиги хабар берди.

Ҳибсга олинган юкнинг “қора бозордаги” нархи 1.4 миллиард иен (130 миллион АҚШ долларига яқин) қийматида баҳоланмоқда. Мазкур юк қўлга олинган юклар тарихида энг кўп миқдордагиси, дея таъкидланмоқда.

Япония ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг фикрига кўра, бу ишда йирик уюшган жиноий гуруҳларнинг қўли бор.

Кокаин банан ва бошқа маҳсулотлар юкланган контейнерларда божхона ходимлари томонидан аниқланган. Кема экипажи аъзолари бу ишга алоқадор эканликларини рад этмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг тахминларига кўра, юк кемага яширин тарзда олиб кирилган. Бироқ уни режалаштирилган бандаргоҳда тушириб олишнинг имкони бўлмаган. Шу сабабли юк Йокогама бандаргоҳига тушурилиши режалаштирилган.