Самарқандда куз ва баҳор мавсумида 16,5 миллионга яқин кўчат экилади

Президент раислигида жорий йил 11 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йил якунигача 75 миллион туп, келгуси йил баҳорда яна 125 миллион туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш вазифаси қўйилди.

Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

Вилоятимизда куз мавсумида кам таъминланган 500 минг хонадонга 10 тупдан мевали дарахт кўчатини бепул тарқатиши, теракнинг аллергия чақирмайдиган навларини экиши белгиланди.

Дастур доирасида вилоятимизда 2022 йил куз мавсумида 6 миллион 145 минг туп, 2023 йил баҳор мавсумида 10 миллион 242 минг туп кўчат экилиши режалаштирилган.

- Куз мавсумида автомобиль йўллари ёқаси, ободонлаштириш бошқармаси ҳудудлари, дала четлари, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа шу каби майдонларда кўчат экиш бошланди, - дейди вилоят давлат ўрмон хўжалиги бошқармаси бош ўрмонбеги Акмал Ўролбоев. - Кузги кўчат экиш мавсумида павловния дарахтидан бошқа 27 турдаги мевали ва манзарали кўчатлар, қаламчалар экилмоқда.

Кўчатчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида етарли миқдорда кўчат захираси мавжуд. Жумладан, 3,5 миллион дона манзарали, 12,2 миллион дона мевали, 438,6 мингта қаламча бор.

Ўтган йили кузда ва жорий йил баҳорда Самарқанд шаҳрининг Чўпонота массивида бодом, арча, элдор қарағайи, можжевельник каби кўчатлар экилганди, уларнинг асосий қисми кўкарди. Массивда 150 гектар майдон кўкаламзорлаштирилди, томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилди. Вилоятимиз ҳудудларида “Ўрмончилар”, “Каштан”, “Арча”, “Лола” каби кўчалар ташкил этилди.   

Давлатимиз раҳбари “Дарахт ҳавас билан экилиши, халқимиз, маҳаллаларимизнинг маданиятига айланиши лозим” деган фикрни бежиз билдирмади. Ўтган йилги дастур доирасида экилган кўчатларнинг бир қисми нобуд бўлган ҳолатлар ҳам кузатилди. Шу боис қайси ҳудудда дарахт экилмасин, ҳар бир кўчатнинг албатта, эгаси, қаровчиси бўлиши лозим.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йил баҳор мавсумида экилган 10 миллион 293 минг дона дарахт ва бута “Яшил макон” электрон платформасига киритилган.  9 миллион 750 мингта (95 фоиз) дарахт ва бута кўчатларини суғориш тизими ташкил этилган. “Дарахт парваришловчи” сифатида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига 929 нафар фуқаро жалб этилган. Аммо экилган дарахтларнинг 543 мингтасида суғориш тизимлари ташкил этилмаганлиги оқибатида 252 минг туп кўчат қуриган.

Каттақўрғон туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Жума-Каттақўрғон” магистрал йўлининг 27 километрида 484,2 минг туп манзарали ва бутасимон дарахт кўчатлари экиш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди.

Кўчатлар томчилатиб суғориш тизими асосида суғорилади.

Ўктам Худойбердиев.