Яшил қитъа мўъжизаси ҳақида нималар биласиз?
Дунёдаги энг катта ва қадимий қоятош - Айерс-Рок - Австралия қитъасининг энг ғаройиб ва диққатга сазовор жойларидан бири ҳисобланади.
Айерс-Рок – тўқ сариқ-жигар рангли тухум шаклидаги қоятош бўлиб, тахминан 680 миллион йил илгари шаклланган. Унинг овал шаклидаги “букри”сининг узунлиги 2,4 километр, энига 1,6 километрга чўзилган, баландлиги эса 348 метрни ташкил этади. Бу қоя Петерман номли катта тоғлар занжиридан узилиб қолган қисмидир. Бугунги кунда ушбу улкан қоятош Улуру-Ката Тьюта миллий паркининг диққатга сазовор жойлардан бирига айланган.
Тадқиқотларга кўра, ушбу қоятош асрлар давомида табиатнинг ташқи кучлари таъсирида эрозияга учраши натижасида юзага келган. Жараёнда омон қолган қоятош қолдиқларини чексиз Тибест саҳроси, Арабистон чўллари ва АҚШдаги Ҳайкаллар водийсида ҳам учратиш мумкин. Рио де Жанейродаги Шакарқамиш қояси ҳам худди Айерс-Рок каби эрозия натижасида пайдо бўлган тош қолдиқлардан ҳисобланади. Аммо, Айерс-Рокнинг тақдири ўзгача, у катталиги, гўзаллиги ҳамда юзлаб километрга чўзилган текисликнинг ўртасида жойлашган улкан қоятош сифатида қад ростлаб турибди.
Бепоён саҳро ўртасида чўзилиб ётган улкан қоятошни XIX асрда европаликлар орасида биринчи бўлиб Эрнест Джайлс кўрган экан. У Амадиес кўли қирғоқларига борганида узоқда жойлашган қоятошни кўргану, аммо, ёнига боролмаган. Бир йилдан сўнг инглиз тадқиқотчиси Уильям Госс мазкур мўъжиза қояга кўтарилишга муваффақ бўлган ва уни Жанубий Австралия давлат котиби Генри Айерс шарафига «Айерс-Рок» дея номлади.
Қоянинг айланаси 9 километрга тенг бўлиб, энг тепасига чиқиш учун 1.6 километрга чўзилган паст-баланд сўқмоқлардан кўтарилиш керак. Энг хавфли бурилишларга темир тўсиқлар ўрнатилган бўлса-да, бу баландликни енгиб ўтиш барчанинг ҳам қўлидан келавермайди.
Айерс-Рок чўққисидан қаралса тўрт тарафга чўзилган саҳронинг ажойиб манзараси намоён бўлади. Қоя тагида кўкка бўй чўзиб турган асрий эвкалипт ва акация дарахтларининг эндигина яшилликка бурканаётганига кўзингиз тушади.
Австралиянинг туб аҳолиси - аборгенлар тилида Улуру деб аталган бу қоятош минг йиллар давомида муқаддас жой сифатида ардоқлаб келинган. Улар ўз фарзандларини унинг номи билан атаб келади. Аммо, қояда ёввойи ҳайвонларникига ўхшаш улкан изларни кўргач, аборгенлар орасида Улуру номи билан боғлиқ кўплаб қадимий афсоналар пайдо бўлган кўринади.
Аборигенлар афсонавий улкан ва даҳшатли ит - Кура-Пуньи қоядан пусиб тушиб қароргоҳ аҳлига қирон келтиради деган ривоятларни тўқиб чиқаришган. Айтишларича, Кукабарра номли қуш қаттиқ овозда қичқириб, одамларни бу хавфдан огоҳ қилган экан.
Қоя атрофидаги ғорларда аборигенларнинг илоҳий маросимлари тасвирланган кўплаб суратлар сақланиб қолган. Шунинг учун Айерс-Рокни бемалол Австралиянинг туб аҳолисининг илк маданияти ўчоқларидан дейиш мумкин. Ғорларнинг энг йириги узунлиги 800 метр, баландлиги эса 30 метрга етади. Ёмғирлар мавсумида қоя туйнуклардан сизиб чиққан сувлар ғордаги учта кичик кўлни ҳам тўлдириб туради. Шунинг учун қурғоқчилик даврида маҳаллий аҳоли шу ғорларга кириб жон сақлайди.
Айерс-Рок қуёшнинг чиқиши ва ботишида турлича кўринади. Тош-монолит куннинг турли вақтларида буқаламундек ўзгариб туради. Бир алвон рангга кирса, баъзида кўк, яшил ва жигар рангда товланади. Вақт ва табиат қоя тепасига ишлов беришда роса «бош қотирган» кўринади. Чунки улар қоя тепасидаги минглаб тешик ва туйнукларни қолдирган.
Ўтган асрнинг ўрталарида шу ҳудудга магистрал автомобиль йўли тортилгач, сайёҳлар қоятошни томоша қилиш имкониятига эга бўлишди. Австралиянинг қоқ марказида жойлашган, бориш қийин бўлган ҳудуддаги ғаройиб қоятошни кўриш истагида бўлган сайёҳлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Улар дунёнинг турли бурчакларидан жаҳонда тенгсиз бўлган ғаройиб қоятош ва гўзал ландшафтдан баҳра олиш учун турли йўллар билан ташриф буюришмоқда.
Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.