Ернинг нафас йўллари очилмоқда
Қишлоқ хўжалик экинлари, хусусан, пахта ва ғаллачиликда юқори ҳосилдорликка эришишда муҳим омиллардан бири бу мелиоратив тадбирларнинг самарали ўтказилишидир.
Республикамиз Президентининг 2007 йил 29 октябрдаги "Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори асосида ўтган йиллар давомида вилоятимизда 219 та лойиҳа доирасида 54 миллиард 720 миллион сўмлик 5 минг 460 километрдан ортиқ коллектор тармоқларини реконструкция қилиш, қуриш ҳамда таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Бу ишларнинг мантиқий давоми сифатида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурига асосан жорий йилда вилоятимизда 32 та лойиҳа доирасида 12 миллиард 353 миллион 344 минг сўмлик 765 километр ҳажмдаги мелиоратив тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу 19 минг 500 гектар ер майдонининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш имконини беради. Жумладан, Пайариқ туманидаги Қорасув туманлараро коллекторида 11,3 километр узунликда реконструкция қилиш ишларининг 3-босқич лойиҳаси доирасида шаршара, гидротехник иншоотлар қуриш, қирғоқларни ҳимоя қилиш ишлари давом этмоқда. Қиймати 600 миллион сўм бўлган лойиҳанинг амалга оширилиши билан фермер хўжаликларининг 500 гектар ер майдони мелиоратив ҳолати яхшиланиб, ҳудуддаги қирғоқлар эрозиясининг олди олинади.
Меҳрож АБДУРАҲМОНОВ,
Зарафшон ирригация
тизимлари ҳавза
бошқармаси қошидаги мелиоратив
экспедицияси бўлим
бошлиғи.