Йил бошидан буён 700 ҳолатда реклама қонунчилиги бузилиши аниқланди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошкармаси томонидан жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Мулоқотда ҳудудий бошқарманинг 2024 йил ва жорий йил биринчи чорагидаги фаолияти ҳақида маълумот берилиб, жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бобохон Тойировнинг маълум қилишича, ўтган йил бошқармага жисмоний ва юридик шахслардан 3 мингдан ортиқ ҳамда жорий йил биринчи чорагида 3 мингга якин мурожаат келиб тушган.
– Мурожаатлар ва ўрганишлар натижасида 2024 йилда 18,5 миллиард сўм ҳамда 2025 йил уч ойида 3,5 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари истеъмолчилар ва тадбиркорлик субъектлари фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди, – деди Б.Тойиров. – Мисол учун, шу йил январь-апрель ойларида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасида ўтказилган хатлов натижасида 40 минг нафарга яқин истеъмолчи фойдасига 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб килиб берилди. Шунингдек, бошқарув сервис компаниялари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 500 миллион сўмдан ортиқ маблағ 7 минг нафарга яқин истеъмолчи ҳисобидан ўчирилиб, нореал қарздорлик бартараф этилди.
“Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилганлиги юзасидан 2024 йилда 150 дан ортиқ ҳамда жорий йил бошидан буён 25 ҳолатда ишлар қўзғатилиб, давлат бошқаруви органларига тақдимномалар киритилган.
Очиқ мулоқотда ўтган йил давлат ва корпоратив буюртмачилар томонидан ўтказилган танлов (тендер) савдолари таҳлил қилинганда рақобатга зид 1700 та ҳаракатлар аниқлангани таъкидланди. Натижада 245 ҳолат юзасидан чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳужжатлар тақдим этилган, қолган ҳолатлар бўйича ҳудудий бошқарма томонидан иш қўзғатилган.
Худди шундай жорий йилда 416 та савдолар жараёнида рақобатга зид 416 ҳолат аниқланиб, 68 ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумотномалар тақдим этилган.
Табиий монополиялар томонидан асоссиз ҳақ ундириш ва тадбиркорлар ҳамда истеъмолчиларнинг камситилиши юзасидан 94 та, устун мавқеини суиистеъмол қилишга доир 2 та ва инсофсиз рақобатга йўл қўйилиши бўйича 5 та ҳолат аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.
Ташқи реклама объектларида реклама қонунчилиги юзасидан ўтказилган мониторингларда ўтган йил 3800 дан ортиқ, жорий йил бошидан буён эса 700 га яқин камчилик аниқланиб, жойида бартараф этилган.
Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар, жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига қўмита ва ҳудудий бошқарма масъуллари томонидан жавоблар берилди.