Йирик тарихчи олим, археолог, таниқли зиёли Амриддин Бердимуродов 70 ёшда
Бугун Самарқанд археология институтида тарих фанлари номзоди, археолог Амриддин Бердимуродов ва Геннадий Богомоловларнинг 70 йиллик таваллудларига бағишланган “Суғд ва Чочнинг қадим ва ўрта асрлар даври маданияти ҳамда диний эътиқодлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция иш бошлади.
Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов сўзга чиқиб, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг табригини ўқиб эшиттирди.
- Халқаро анжуман ўзбек археологи, зиёлиси Амриддин Бердимуродовнинг 70 йиллигига ҳам бағишланган, - деди Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий мемориал мажмуа раҳбари, профессор Темур Ширинов. – А.Бердимуродовнинг илмий фаолияти Ўзбекистон археологияси билан боғлиқ. У ҳаёти давомида лаборантликдан то институт директорлигигача бўлган йўлни босиб ўтиб, республикамизга таниқли бир шахсга айланди. Турк ҳоқонлиги, араблар босқини, илк юз йилликлардаги моддий маданият, Ўзбекистон маданиятига бағишланган илмий ишлари, айниқса, Суғддаги кўплаб кашфиётлар, Кофирқалъа, Жартепадаги қазишма ишлари Амриддин Бердимуродов номи билан боғланган. У ҳаёти давомида ўз мақолалари билан долзарб масалаларни кўтариб чиқди. Масалан, 1990 йилда республика газетасида эълон қилинган “Султон суягини хорламас” деган мақоласи билан Амир Темур тақдирига боғлиқ масалани кўтарганди. Кейинчалик тарихимиз гувоҳлик бердики, Амир Темур бизнинг миллий қаҳрамонимизга айланди. Унгача Амир Темур тарихимизда йўқ бир шахс эди.
- Самарқанд археология институти билан Хитой Шимолий Ғарбий университет ўртасидаги ҳамкорлик 2009 йилда бошланган эди, - деди университет илмий ходими Танг Юн Пенг. – Биз асосан, Самарқанд, Сурхондарё ҳудудларида археологик қазишма ишларини олиб борганмиз ва катта ютуқларни қўлга киритганмиз. Мен Амриддин Бердимуродовнинг шогирди сифатида у кишидан жуда кўп археологик билимларни олдим. Бугунги анжуманга университетимиз раҳбарларининг табригини етказиш мақсадида келдим.
- Биз Амриддин Бердимуродовни адиб деб ҳисоблаймиз, - деди Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. – Сабаби, унинг китоблари бадиий тафаккур билан йўғрилган бўлади. Масалан, “Самарқанд тарихидан томчилар”, “Ватанга нажот” деган китобларида жуда катта маълумотлар жамланган. Унинг асарлари ёзувчиларга ҳам илҳом беради. А.Бердимуродов “Самарқанд тарихидан томчилар” деган китобида Клеопатра Спитаменнинг авлоди дейди. Мана шу жумла менга илҳом берди ва тарихни ўрганиб чиқдим. Натижада 2020 йилда Клеопатра ҳақида роман ёздим. Ушбу асарим бугунги кунда китобхонлар томонидан яхши ўқиляпти ҳамда бошқа тилларга ҳам таржима қилиняпти.
Халқаро илмий-амалий конференциянинг очилиш маросимида олимлар, археолог ҳамда хорижий меҳмонлар ўз илиқ тилакларини билдирди. Тарихчи, олим, археолог Амриддин Бердимуродовнинг келгуси фаолиятига омад тиланди.
Икки кун давом этадиган конференция ишида янги археологик топилмалар таҳлили, натижалари ва олиб борилаётган ишлар ҳақида қизиқарли маърузалар тингланади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.
Бахтиёр МУСТАНОВ фото.