Йўл ҳаракати қоидаларини унутаётган ҳайдовчилар

Буларнинг ҳаммаси транспорт, пиёдалар ҳаракат хавфсизлигини муҳофаза қилишга қаратилган. Афсуски, хавфсизлик қоидалари ва бу белгиларга ҳамма ҳайдовчи ва пиёдалар тўлиқ амал қилмаяпти. Негадир, айрим ҳайдовчилар ва пиёдалар ҳаракат хавфсизлиги қоидалари уни назорат қилувчи йўл-патруль хизмати ходимлари учун деб ўйлашади. Уларга кўзлари тушиши билан қоидани эслаб қолишади.

Машинада кетяпмиз. Олдинда йўл-патруль хизмати ходими кўринди. Ҳайдовчи тезликни пасайтириш, рулни маҳкамроҳ ушлашни ҳам эсдан чиқариб, шоша-пиша хавфсизлик камарини елкасига ташлашга уриниб қолди. Агар вақтида огоҳлантирмаганимизда машина йўлдан чиқиб кетарди. Бундай мисоллар кўп учрайди. Хавфсизлик камарини тақиш йўл-патруль хизмати ходимлари учун эмас, ҳайдовчининг хавфсизлиги учун-ку! Ёки кўпчилик ҳайдовчилар ҳаракат пайтида телефонда гаплашади. Йўл-патруль хизмати ходими кўринса, дарров телефонни йиғиштиради. Тезликни белгиланганидан оширишда ҳам шундай ҳол: радар кўриндими, тезликни пасайтиради, радар йўқми, исталганча оширади.

Телевидение, матбуотда автоҳалокат, пиёдаларни машина уриб кетиши ҳақидаги хабарларни кўриб, даҳшатга тушасиз. Қандайдир бепарво ёки маст ҳайдовчи ё қоидани бузган пиёда айби билан ҳаётдан бевақт кўз юмган одамлар, абжағи чиққан транспорт воситалари, бир умр ногирон бўлиб қолган кишилар

Паст Дарғом туманидаги Қўқони маҳалласи ичидан катта асфальт йўл ўтган. Атрофида мактаб, аҳоли ҳовли-жойлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашган. Маҳаллага ҳар икки томондан киришда тезликни соатига 40 километрдан оширишни чекловчи, "Болалар", "Пиёдалар" деган белгилар ўрнатилган. Афсуски, баъзи "учар" ҳайдовчилар бу қоидаларни менсимайди. Яқинда кеч соат 21:00 ларда қоидани бузган "Ласетти" ҳайдовчиси катта тезликда келиб, маҳалла фуқаросини уриб кетди. Қирчиллама ёшдаги йигитнинг умрига зомин бўлди. Орадан икки кун ўтмай, Самар­қанд - Жума катта магистрал йўлининг шу маҳаллага бурилиш жойида яна бир фуқарони машина уриб кетди... Иккита оила қаровчисидан айрилди. Фожиа содир бўлган жойларга назар солсангиз, автомобиль ва пиёда йўловчилар ҳаракатига хавф туғдирадиган бирор тўсиқни кўрмайсиз. Йўл текис, пиёдалар учун йўлаклар мавжуд. Ҳаракат хавфсизлиги белгилари ўрнатилган. Сабаб битта: айрим ҳайдовчилар, пиёдалар ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини яхши билмасликлари ёки билса ҳам писанд этмаслигидадир.

Самарқанд шаҳри, туманлар ва маҳаллаларида аҳоли ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун жуда катта ишлар қилиняпти. Чорраҳалар светофор билан тартибга солинмоқда. Қўшимча йўл белгилари ўрнатиляпти. Кузатув камералари ишга тушириляпти. Мактаб, ўқув муассасаларида йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳақида тегишли органлар томонидан суҳбат ва дарслар ўтиляпти, йўллар, кўприклар таъмирланяпти.

Афсуски, ана шундай амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, йўл-транспорт ҳодисалари рўй бериб турибди. Ачинарлиси, бу ҳодисалар одамлар умрига зомин бўлаётир, майиб-мажруҳ қилиб қўяяпти. Бу фуқароларимизнинг йўлда ҳаракатланиш маданияти пастлиги, қонун-қоидаларга бепарво ва лоқайдлигини кўрсатади.

Биз кундалик юмушларимиз, яхши ният билан хоҳ ҳайдовчи, хоҳ пиёда йўловчи сифатида остона хатлаб йўлга, кўчага чиқар эканмиз, йўл ҳаракати иштирокчисига айланамиз. Демак, ўзимиз ва бошқалар ҳаёти хавфсизлиги ҳақида қайғуришимиз керак.

 

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.