Ёғаётган ёмғирми, лойми?

Кеча, 18 январь куни тонгдан тушгача Самарқанд вилоятининг аксарият ҳудудларида ёмғир ёғди.

Эътиборлиси, кўчада соябонсиз юрган одамларнинг устидаги кийимида "лойли" ёмғирдан доғлар пайдо бўлди. Шунингдек, автомашиналарда ушбу ҳолат кузатилди. Ойна артгич мосламаси бўлмаган ёки ишламай қолган автоуловлар, ҳатто, ҳаракатланишдан чўчиб, йўл четида лойли ёмғирнинг тўхташини кутишга мажбур бўлишди.

Рост, 2018 йилнинг март ойида Одесса вилоятида сариқ қор, Грузиянинг Ажария минтақасида қизил қор ёққани, бунга Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида рўй берган қум бўронлари сабаб эканини эшитгандик. Хўш, лойли ёмғирга нима сабаб бўлди?

- 17 январь куни Эрон ва Озарбайжон давлатларида кучли шамол бўлиб, атрофни чанг-тўзон қоплаган ва ҳавода тупроқли бўрон ҳосил бўлган, - дейди Самарқанд вилоят гидрометеорология бошқармаси бошлиғи В.Мирзоев. – Ўша куни кечқурун мамлакатимиз бўйлаб ҳам 15-20 метр/секунд тезликда шамол эсди. Гарчи бизда ердан чанг кўтарилмаган бўлса-да, шамолнинг таъсирида атмосферанинг юқори қисмида ҳосил бўлган чанг туфайли ёмғир ўзига хос «лойли» ҳолда ёғди.

В.Мирзоев суҳбат сўнгида кўпчилик кутаётган табиат инъоми – Самарқандда қор ёғиши ҳақида гапирди. Маълумотга кўра, эртага, 20 январь куни Самарқанд вилоятида ҳаво ўзгариб туради. Айрим жойларда ёмғир, қор ёғади. Ҳарорат 0-5 даража илиқ бўлади. 21 январь куни ёғингарчилик бўлмайди. Кечаси ҳарорат 2 даража совуқ, кундузи 0-5 даража илиқ бўлади.

Ишқилиб,  оқ қор ёғсин-да!..