Йўловчи мулоҳазаси: Жамоат транспорти қачон тартибга олинади?

Бугунги кунда автобус ҳайдовчилари орасида йўловчилар билан қўпол муомалада бўладиган, йўлда телефонда гаплашадиган, бошқа машиналар билан кимўзарга «пойга» уюштирадиганлари учраб турибди.

Айримлари бекат бўлмаса-да, йўловчи олиш мақсадида хоҳлаган жойга тўхтайди.  Бир куни "М-2" йўналишдаги автобус ҳайдовчиси Самарқанд шаҳрининг Буюк Ипак йўли кўчасида бошқа бир автобус билан «пойга» уюштирди. Ҳайдовчи машинани ўнг ва чапга буриб, йўловчиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Амир Темур кўчасига келгач, Давлат хизматлари маркази биноси яқинида йўл ҳаракати қоидасини бузиб, қарама-қарши йўлга ўтиб, қаршисидан келаётган машиналар йўлига чиққан ҳолда бошқа автомашиналарни қувиб олдинга ўтиб олди. Камига ҳайдовчи телефонда гаплашиб кетяпти. Йўловчиларнинг танбеҳига эътибор ҳам қилмади. Нотўғри ҳаракат қилаётганини таъкидласак, «Ишларинг бўлмасин, қулоқчин орқали гаплашяпман, кўзим йўлда», дейди.

Ахир у йўлда кетаётиб, телефонда гаплашиш мумкин эмаслигини, қолаверса, 35-40 нафар йўловчи ҳаёти билан ўйнашиб бўлмаслигини наҳотки англаб етмаётган бўлса?

Бекатларда баъзи бир йўналишлардаги автобусларни 25-30 дақиқа кутиб қолсангиз, айримларида автобус 10-15 дақиқа туриб қолади. Айрим ҳайдовчилар эса бекатларга тўхтамай ўтиб кетади.

Автобус салонида сигарет ва нос чекадиган ҳайдовчилар борлиги ҳам сир эмас.

Ёз кунларининг бирида "М-2" йўналишидаги автобус Амир Темур кўчасида ҳаракатланиб бораётиб, кескин тормоз бергач, нафақат тикка турганлар, балки ўриндиқдаги йўловчилар ҳам қалқиб тушди. Айримлар йиқилди ҳам.

«Нима бўлди?», деб ҳайдовчига қараганимизда у сўкиниб, «Ёнимизда кетаётган автобус қисиб юборди», дея жавоб берди. Ҳар иккала автобус ҳайдовчилари тўхтаб, бир-бирини ҳақорат қила бошлади.

Жамоат транспортида кўп юрадиганлар бундай ҳолатларга кўп гувоҳ бўлган. Ҳайдовчининг телефонда гаплашиши, кондукторларнинг йўловчилар билан гап талашиши, уларни ҳақорат қилиши, ҳатто ёқасидан ушлаб тортишлари оддий ҳолга айланиб боряпти.

Автобусларда ҳар куни мана шундай кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлаётганини вилоят транспорт бошқармаси ёки автосаройлар раҳбарлари билмайдими? Қачон автобус ҳайдовчилари махсус кийимда йўналишга чиқади? Пул териш учун кондуктор болалар хизматидан фойдаланиш қачон бартараф этилади? Балки улар 91-йўналишда қатновчи автобуслар аллақачон ўз муддатини ўтаб, техник жиҳатдан яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги ҳақида ҳам билишмас?!.

Мўмин ҚОДИРОВ.