Қишлоқдошларини ўйлаб, пойтахтдан қайтган ўқитувчи
Пайариқлик Баҳодир Аноров тумандаги 84-умумий ўрта таълим мактабида ўқиди. 2015 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини муваффақиятли тамомлади ва унинг учун устозлари тавсияси асосида шу олий ўқув юртида ишга қолиш имконияти туғилди. Аммо...
Университетда қолиш Баҳодирнинг орзуси эди, аммо у ўзи туғилиб ўсган Оққўрғон қишлоғида инглиз тили ўқитувчиларига эҳтиёж катталигини дилдан ҳис қилди.
- Қишлоғимизда ҳар доим истеъдодли ёшлар кўп бўлган, - дейди у. – Аммо орада шундай ёш иқтидор эгаларига йўл-йўриқ кўрсатадиган устозлар камайиб қолди. Шуни англаган ҳолда Тошкентда қолмасдан, қишлоққа қайтишга қарор қилганман. Бундан афсусланмайман. Сабаби, шу қишлоқда туриб ҳам улкан марраларни забт этиш мумкин.
Баҳодир ёш бўлишига қарамасдан шу пайтга қадар кўпгина шогирдлар тайёрлашга эришяпти. Масалан, у ишга келгандан бери мактабни тамомлаган битирувчиларнинг 20 нафардан ортиғи инглиз тили йўналишида олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Шунингдек, у “Заковат” ва бошқа интеллектуал ўйинлар учун клублар ташкил қилган. Уларда ҳали мактабга чиқмаган болажонлардан тортиб, нуронийлар ҳамда оилавий жамоалар қатнашади. Улар бўш вақтларида бу клубларда билимларини бойитади ва ҳордиқ чиқаришади.
- Болалигимдан “Заковат” кўрсатувини кузатиб борардим, - дейди Баҳодир Аноров. – Саъй-ҳаракатларим натижасида орзуларимга эришиб келяпман. Жобир Аҳмедов, Бобур Ёқубов, Хушнуд Худойбердиев каби таниқли “заковат”чилар, билимдонлар билан учрашиш, бир даврада ўйинларда иштирок этиш насиб қилди. Бугунги кунда маҳалламиз ёшлари билан бирга интеллектуал ўйинларнинг республика босқичларида қатнашиб, фахрли ўйинларни эгаллаб келяпмиз.
Баҳодир жамоаси билан 2021 йилда вилоятимизда ўтказилган интеллектуал ўйинда қатнашиб, 100 миллион сўм миқдорида пул мукофотини қўлга киритган. Бундай ютуқларга бир неча бор эришган.
Шу йил Ёшлар куни муносабати билан фаол ва ташаббускор йигит-қизларнинг бир гуруҳи давлатимиз раҳбари фармонига кўра "Келажак бунёдкори" медали билан тақдирланди.
- Улар орасида мен ҳам борлигимдан хурсандман, - дейди Баҳодир Аноров. - Бу менга шодлик бағишлаш билан бирга масъулият ҳам юклади. Президент билан учрашганимда у кишига ваъда берганимдек, ёш авлодни тарбиялашда, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш йўлида ўз ҳиссамни қўшишда бор куч-ғайратимни аямайман.
Дилшода Юсупова,
Бахтиёр Мустанов (видео).