Ишсизлик кўп. Бандликни сифатли таъминлаш учун қишлоқ ҳудудларида қандай лойиҳа, қандай амалий иш қилиш керак?

Каттақўрғон туманида қарийб 300 минг аҳоли истиқомат қилади. 112,5 минг иқтисодий фаол аҳолининг 105 мингдан ортиғи доимий иш ўрнига эга. Аммо уларнинг 31,5 минг нафари расмий банд бўлса, қолган 52,8 минг нафари норасмий ишларда меҳнат қилади. Яна 7,5 минг аҳоли ишсиз ҳисобланиб, туманда ишсизлик даражаси 7 фоизни ташкил этади. Айниқса, Бунёдкор, Найман, Жизмонсой, Омонкалхат маҳаллаларида ишсизлик даражаси туман кўрсаткичидан юқорилигича қолмоқда.

Ишсизликни қисқартириш асосий вазифамиз

- Ишсизликни камайтириш борасида бир қатор режалар ишлаб чиққанмиз, - дейди туман ҳокими Жамшид Насриддинов. – Бунинг учун аввало, туманнинг драйвер соҳаларини ривожлантириш ва ихтисослаштиришни ташкил этдик. Туманимизда озиқ-овқат, электроника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тикув-трикотаж, умумий овқатланиш, иссиқхоначилик, паррандачилик, савдо, мебелсозлик, чорвачилик, асаларичилик, узумчилик, балиқчилик, қулупнайчилик, малиначилик соҳалари етакчи ўринни эгаллайди. Шунингдек, тиббий ва таълим хизматлари кўрсатиш, полимер пластмасса ишлаб чиқариш ва бошқа хизматлар кўрсатиш соҳалари ихтисослигини ривожлантириш учун иқтисодиёт сектори масъулларини бириктирдик. Улар тадбиркорларга доимий асосда кўмак кўрсатади, бандликни таъминлашга, иш ўринлари яратишга ҳаракат қилади. Бунинг натижасида 2023 йил бошида туманда ишсизлик даражаси 11 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йил биринчи ярмида 6,8 фоиз, йил якунигача 5,7 фоизга туширилади.

Президентимизнинг 2022 йил 21 сентябрдаги «Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида туманимизда йирик инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига аёллар бандлиги таъминланмоқда. Жумладан, 2023 йилда Каттаминг маҳалласидаги “Mobitex textile factories” МЧЖ томонидан тикувчилик корхонаси ташкил этилиб, 350 та доимий иш ўрни яратилди. Яна 7 та касаначилик лойиҳасида ижтимоий реестрда турган 155 нафар хотин-қиз бугунги кунда даромадли доимий иш билан таъминланди. Ижтимоий дафтарда турган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида 23 та тадбиркорлик субъектини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқариш кооперациялари ташкил этилди. Тикувчилик ва қандолатчилик соҳаларида ҳам 200 дан ортиқ хотин-қизлар бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, чорвачилик туманнинг асосий драйвери ҳисобланади. Томорқачиликни ривожлантириш, деҳқон хўжаликлари ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаб, даромадини ошириш чоралари кўрилмоқда. Масалан, ўтган йили деҳқон хўжаликларида ловия экишни тавсия қилдик. Буни етиштириш ва фойдаланиш бўйича водийлик деҳқонлар тажрибасини ўргандик. Ҳали ҳосилни тўлиқ териб олмасимиздан маҳсулотни бухоролик тадбиркорлар харид қилишди.

Қулупнайчилик туманнинг яна бир драйвер соҳасига айланиб улгурди. Бу экиндан йилига 4 мартадан ортиқ ҳосил олинади. Бизга эса ердан даромад олишни гектарига беш минг долларга етказиш вазифаси қўйилган. Қулупнайнинг бир сотихидан мавсумда икки миллион сўм, гектаридан 200 миллион сўм даромад олинади. Бу ўртача 16 минг доллар дегани. Яна пиёз, нўхат етиштириш ҳам яхши самара беради. Фақат мавсумий ишчиларни легаллаштириш бироз мураккаблигича қолмоқда. Мисол учун, жорий йилда туманимизда 9 минг гектар майдон ғалладан бўшади ва шундан 6 минг гектарга мош экилди. Ушбу экинни йиғиштириш учун гектарига ўртача 600 минг сўмдан ҳақ тўланади. Бу шунча майдон учун 3 миллиард 600 миллион сўм бўлади. Пахта терими учун бундан анча катта маблағ сарфланади, аммо буларни легаллаштириш муаммолигича қолмоқда.

80 фоиз чорва моллари насллига айлантирилди

Каттақўрғон тумани республикамиз ва вилоятда гўшт етиштириш, чорва молларини сунъий уруғлантириш бўйича ҳам етакчи туманлардан ҳисобланади. Бу йўналиш чорва моллари зотини яхшилаш ва импортни қисқартириш имконини беради. Мисол учун, жорий йилда туманда қорамолларни сунъий уруғлантириш орқали 14 минг бош наслли бузоқ олинган. Бу эса Европа давлатларидан валюта ҳисобига келтириладиган импортни қисқартириш имконини берди.

- 2022 йилда туманимиздан икки нафар мутахассис Москва шаҳрида чорва наслини яхшилаш бўйича малака оширди, - дейди туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ғиёс Муродуллаев. – Сўнгра Россиядан чорва молларини текшириш учун 2 та УТТ аппарати олиб келинди. Ҳозир туманда 181 мингдан ортиқ қорамол боқилаётган бўлса, уларнинг 10 мингдан ортиғи 127 та чорвачилик хўжалигида парваришланади. Мутахассисларимиз томонидан кунига 30-35 бош чорва моли сунъий уруғлантирилмоқда. Бунинг натижасида кейинги йилларда тумандаги чорва молларининг 80 фоизга яқини наслли қорамолга айлантирилди. Жорий йилда «Тожинор момо» чорва фермер хўжалиги Эстония давлатидан ҳар бири 45 миллион сўмдан 45 бош буқа, «Агро Брединг» чорва фермер хўжалиги Қирғиз Республикасидан ҳар бири 29 миллион сўмдан 68 бош соғин сигир олиб келди. Бу албатта, туманда чорвачиликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Томорқадан 70 миллион сўм даромад

Туманнинг Жонкел маҳалласида яшовчи Илҳом Имомов томорқадан даромад олишни яхши ўзлаштирган боғбонлардан. У Таварон маҳалласида ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаш билан бирга турмуш ўртоғи Қундуз Бобоқулова билан 10 сотих томорқасида узумчилик ва асаларичиликни йўлга қўйган.

- Янги уйга кўчиб чиққан пайтларимизда 100 тупдан ортиқ «Келинбармоқ», «Ризамат ота» ва «Ҳусайни» каби узум кўчатларини экдик, - дейди И.Имомов. – Ўтган йили 3 тонна узум ҳосилининг ўзидан 45 миллион сўм, яна 28 оила асалари боқишни йўлга қўйиб, 300 килограмм асал олдик ва 30 миллион сўм даромадга эга бўлдик. Бу йил ҳам узум ва асал ҳосилидан 60-70 миллион сўм даромад олишни мўлжаллаб турибмиз. Ўзим Таварон маҳалласида ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлайман, томорқада эса дам олиш кунлари меҳнат қиламан. Агар ўзим томорқадан даромад топишни билмасам, одамларга қандай қилиб буни тарғиб қиламан. Ахир қуруқ гап билан бирор натижага эришиб бўлмайди. Орттирган тажрибамни улар билан бўлишаман, билмаганларимни ўрганаман. Шу йўсинда вазифамни ҳам уддалайман, томорқада ҳам меҳнат қиламан.

Маҳаллаларнинг ихтисослашуви самара бeряпти

Туманда 3 та йирик паррандачилик хўжалиги бор ва уларда ишлаган ишчилардан икки мингдан ортиғи хонадонида минг бошгача парранда боқишни йўлга қўйган. Умуман, тумандаги 69 маҳалланинг барчасида бройлер зотли парранда боқилади. Соҳа мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар бир хонадонда камида 300 бош парранда боқиш мумкин ва бу паррандадан ойига 9 миллион сўм даромад, 3 миллион сўм соф фойда олиш мумкин. Биргина Мелихўжа маҳалласидаги 76 хонадоннинг ҳар бирида мингдан ортиқ парранда боқилади.

- 2022 йилдан давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва тегишли қарорлари билан ишсиз аҳолига ер ажратиш амалиёти йўлга қўйилди, - дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Рустам Раҳмонов. - Туманимизда ҳозиргача 5,5 минг аҳолига 2300 гектарга яқин ер майдони ижарага берилди ва картошка, сабзи, пиёз, кўкат, саримсоқпиёз, қулупнай, нўхат каби харидоргир экинлар экилди. Мисол учун, 2022 йилда аҳолига ажратилган ер майдонларидан 5,5 минг тоннага яқин маҳсулот олинган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 9200 тоннадан ортди. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш билан бирга қўшимча маҳсулот етиштириш имконини ҳам берди. Шунингдек, ўтган йили 4226 гектар асосий, 2380 гектар такрорий экиндан 57 минг тонна маҳсулот олинди ва 24 минг тоннаси экспорт қилинди. Бу йил деҳқон хўжаликларида 2025 йил ҳосили учун 5 минг гектар майдонда тўқсонбости экинлар экилмоқда ва олинадиган 70,8 минг тоннадан ортиқ ҳосилнинг хариди бўйича қайта ишловчи корхоналар билан шартномалар тузилди.  

Тумандаги 60,5 минг аҳоли хонадонида 6,6 минг гектар томорқа майдонининг 5834 гектарига эртаги экинлар экилиб, 113,8 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилди. Мисол учун, туманимизнинг Қумоқ маҳалласидаги 4800 дан ортиқ аҳоли қулупнай етиштириш билан шуғулланади. Валижон, Қуштепа, Таварон, Қирғиз маҳаллалари ҳам қулупнайчиликка ихтисослашган. Мундиён, Қоқсой, Бургансой, Жизмонсой, Себисон, Қўшқўтон, Андоқсой маҳаллаларида узумчилик яхши ривожланган.

Аҳоли хонадонларида иссиқхона қуриш орқали қулупнай етиштиришни янада ривожлантириш мақсадида 102 та хонадоннинг 2 гектар томорқа ер майдонида иссиқхоналар ташкил этилди. Маҳаллага бириктирилган «Каттақўрғон томорқа хизмати» МЧЖ томонидан томорқачиларга уруғ, кўчат етказиш ҳамда етиштирилган маҳсулотни марказлашган ҳолда маҳаллий бозор ва бошқа вилоятларга сотиш бўйича шартномалар имзоланди. Томорқадан самарали фойдаланишга кўмаклашиш мақсадида йилнинг биринчи ярмида 10 та суғориш қудуғи фойдаланишга топширилди ва 7 тасига  субсидия ажратиш учун ҳужжатлар топширилган.

Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишга кўмаклашиш учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 3 миллиард 600 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиш режалаштирилган ва ҳозиргача 400 миллион сўм йўналтирилди. Ажратилган маблағлар томорқаларда паррандачилик, асаларичилик, иссиқхона, артезиан қудуқлар ва минерал ўғит, кўчатлар олиш учун сарфланди.

Бандликни таъминлаш имконияти бор

Туманда янги иш ўринлари яратиш, бандликни таъминлаш имкониятлари бор, аммо амалда фойдаланилмайди. Нега? Бунинг ўзига яраша сабаблари бор.

- Туманимизда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига қарашли 3 та касб-ҳунар мактаби мавжуд ва уларда йилига 500-550 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқитилади, - дейди туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Элбек Раҳимов. - Лекин ишга жойлашиш ёки ўқиган касбини эгаллаб, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиш самарадорлиги жуда паст. Мисол учун, 2023 йилда ушбу касб-ҳунар мактабларини 521 нафар ўқувчи тамомлаб, уларнинг атиги 63 нафари ёки 12 фоизи иш билан таъминланган. Бунинг асосий сабаби касб-ҳунар мактаблари ва ишлаб чиқарувчи, иш берувчилар ўртасида интеграция йўқлиги, ўқувчиларнинг дарслар ва амалий машғулотларга қизиқиши суст эканлигида. Хорижга ишга кетганларнинг аксарияти кам иш ҳақига ишлаши ёки камбағалликнинг асосий сабабларидан бири касб-ҳунарга эга эмаслигида. Иш берувчилар ва иш ўринлари кўп бўлса-да, малакали кадрлар етишмаслиги, ўрта-махсус касб бўйича билим йўқлигида. Касб-ҳунар мактабларида катта моддий техник база бор, аммо ўқиш сифати ва натижа қониқарли эмаслигида.

Бугунги кунда ишсиз аҳолини касбга ўқитиш муҳимлигига қарамасдан касб-ҳунар мактабларида касбга яхши ўқитилмаётганлигидан вазият шу ҳолга келиб қолган.

Бунинг ечими сифатида ушбу касб-ҳунар мактабларини Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тасарруфига ўтказиш ва касб-ҳунар мономарказларига айлантириш ҳамда замонавий касб-ҳунар йўналишларини ташкил этиб, ўқитиш зарур. Касб-ҳунар мактаблари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тасарруфига ўтиши натижасида бундай масканларда ўқишни тамомлаган ишсизлар бандлигини таъминлаш тўлиқ кафолатланишига эришилади. Жумладан, вазирлик ва унинг қуйи бошқарма ва бўлимлари билан йирик иш берувчи корхоналар ўртасида ҳамкорлик бор. Яна касб эгаллаган аҳоли ўз тадбиркорлигини амалга ошириши учун ҳоким ёрдамчилари орқали барча имкониятлар яратилган. Шунингдек, вазирлик қошидаги Миграция агентлиги билан хорижий давлатларда юқори иш ҳақи мавжуд иш ўринларига кафолат мавжуд. Деҳқон хўжаликлари эгаларини замонавий агрономия соҳасига ўқитиш орқали ер майдонларида ҳосилдорликни оширишга эришиш мумкин. Қолаверса, бўш иш ўринлари доимий Бандлик вазирлиги ва унинг қуйи ташкилотлари ҳамда иш берувчи корхоналар билан интеграцияда бўлади. Бу ўзгариш камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлашга ёрдам беради.

Ўктам Худойбeрдиев.