Ҳоким ёрдамчилари томонидан берилган кредитларнинг ўртача 7,9 фоизи қайтарилмайди
Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида спикерлар томонидан одатда расман эълон қилинмайдиган қизиқ рақамлар айтилган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовга кўра, Ҳоким ёрдамчилари томонидан берилган кредитларнинг ўртача 7,9 фоизи қайтарилмайдиган кредитлар. Ушбу тоифадаги қайтарилмайдиган кредитларнинг динамикаси (ўсиши, қисқариши) очиқланмаган. Обид Ҳакимовнинг қайд этишича, Кредит ўртача ҳажмининг 1 фоизга ошиши 1000 аҳолига тўғри келадиган муаммоли (ишламайдиган) кредитларнинг 0,25 фоизга ўсишига олиб келади.
Эслатиб ўтамиз, қайтарилмайдиган кредитлар бу NPL ёки 9-стандарт бўйича қадрсизланган кредитлар эмас. Балки, қайтарилмайдиган дея умидсиз, яъни қайтмаслигидан далолат берувчи омиллар ёки аломатлар мавжуд бўлган ҳамда қайтмайдиган ёки қиймати жуда пастлиги туфайли ҳисобини балансда актив сифатида юритилиши мақсадга мувофиқ эмас деб топилган кредитлар назарда тутилмоқда.
Агар ҳоким ёрдамчилари томонидан берилган кредитларнинг ўртача қайтарилмайдиган кредитлар *7,9%ни ташкил этса, унда NPL улуши икки хонали экани эҳтимоли юқори.
Марказий банк оилавий тадбиркорликка ажратилган кредитлар бўйича муаммоли кредитлар улуши ва ҳажмини алоҳида кўрсатмай келади. Норасмий ҳисобларга кўра, ушбу тоифадаги кредитлар бўйича NPL 20% атрофида.
Камбағалликни қисқартириш воситаларидан бири сифатида камбағал оила вакилларини тадбиркорга айлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши иқтисодий самарасизлиги, юқори коррупциогенлиги ва қиммат маъмуриятчилиги сабабли танқид қилиб келинади.
P.S. Марказнинг аниқлик киритишича, 7,9% бу муаммоли кредитлар улуши.
Отабек Бакиров, иқтисодчи.