Самарқанддаги ҳоким ёрдамчилари орасида ҳоким ўринбосарларига ҳам, салоҳиятига қараб маълумоти олий бўлмаганларга ҳам ишонч билдирилди: Уларга қандай имкониятлар берилган?

Жорий йил 11 январдан вилоятимиздаги 1120 та маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятларини бошлади.

Мазкур лавозимга 15 нафар ўрта махсус, ҳамда 6 нафар тугалланмаган олий (сиртқи йўналишда таълим олаётган), 1099 нафар олий маълумотли фуқаролар ишга қабул қилинган.

Таҳлилларга кўра, ҳоким ёрдамчиларининг 93 нафари икки ва ундан ортиқ олий таълим муассасаларини, 7 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини, 13 нафари Банк-молия академиясини, 10 нафари Солиқ академиясини, 2 нафари Ички ишлар вазирлиги академияси ва 14 нафари хориждаги нуфузли олий ўқув юртлари битирувчиларидир.

Ҳоким ёрдамчиларидан 847 нафари ёки 76 фоизи иқтисодий йўналиш бўйича таянч олий маълумотга эга. Ёш жиҳатдан 645 нафари 31-40, 244 нафари 41-50 ҳамда 64 нафари 50 ва ундан юқори ёшдагиларни ташкил қилади.

Уларнинг 657 нафари иқтисодий, 84 нафари ижтимоий, 34 нафари сиёсий, 33 нафари қишлоқ хўжалиги, 23 нафари қурилиш коммуникация комплексига кирувчи ташкилотлардан ўтган. Бундан ташқари, 206 нафари шу пайтгача хусусий секторда, 40 нафари ўзини ўзи бошқариш органларида ва 10 нафари сиёсий партияларда ишлаган.

Вилоятдаги 15 та тижорат банклари ва унинг қуйи тизимларидан жами 199 киши маҳаллаларга тушиб, ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият бошлади.

Мазкур лавозимга турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган 120 га яқин ходим ишга қабул қилинган. Жумладан, Паст Дарғом тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, Оқдарё тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, Ургут ва Паст Дарғом тумани ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, Каттақўрғон шаҳар ва Паст Дарғом тумани ҳокимларининг ўринбосарлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиқлари, Булунғур, Жомбой, Самарқанд, Пахтачи, Тойлоқ туман ҳокимларининг жамоатчилик билан ишлаш бўйича маслаҳатчилари, Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳоким ёрдамчлигига тайинланган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали томонидан ҳоким ёрдамчиларининг аввалги иш жойлари муддатли меҳнат шартномаси асосида вақтинча ишга қабул қилиш учун 330 дан зиёд бўш иш ўринлари Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали (vacancy.argos.uz)га жойлаштирилди. Иш излаб юрган фуқароларимиз мазкур лавозимларга белгиланган муддатда ҳужжат топшириши мумкин.

Шунингдек, айни пайтда ҳар бир ҳоким ёрдамчисини Давлат фуқаролик хизматчиларининг малакасини ошириш онлайн платформаси (ilm.argos.uz)га киритиш ишлари олиб борилмоқда. Энди улар доимий равишда ўз малакасини ошириши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, давлат хизматини ривожлантириш агентлигига ҳоким ёрдамчиларини иш самарадорлигига қараб мамлакатимизнинг кадрлар бўйича “Олтин фонди” ҳисобланмиш Миллий кадрлар заҳирасига киритиш юклатилган.

Уларнинг икки йиллик фаолияти натижаларига кўра лавозимини ошириш юзасидан вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудудий ҳокимликларга таклифлар киритиб борилади. Бу орқали ҳоким ёрдамчилари танловсиз тўғридан-тўғри юқори лавозимларга ўтиши мумкин бўлади.
Ахатов Фозилжон,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг вилоят филиали етакчи инспектори.