Самарқандда ҳоким ёрдамчилари саъй-ҳаракати билан 276 минг нафар фуқаро бандлиги таъминланди
Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов иштирокида маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг жорий йил 10 ойидаги фаолиятига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича бу йил олдимизга жуда катта вазифа қўйилган – 635 минг кишининг бандлигини таъминлашимиз керак, – деди Ж.Ўроқов. – Ўн ой давомида 609 мингга яқин юртдошимиз янги очилган ёки вакант иш жойларига жойлашди, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтди, деҳқончилик қилиши учун ер берилди. Шунингдек, шу пайтгача нолегал ишлаганлар иш ўрни легаллаштирилди. Биргина хизматлар соҳасида 187 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Жумладан, ҳоким ёрдамчилари саъй-ҳаракати билан 83 минг фуқаро доимий иш жойларига жойлаштирилди, 13 мингга яқин фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 137 минг фуқаро ўзини-ўзи банд қилишига эришилди, 11 минг фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш бошлади. 32 минг нафар ишсиз кишилар эса ижара асосида ер олиб, доимий даромад манбаига эга бўлди.
Ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 36 минг нафар фуқарога 785,8 миллиард сўмлик имтиёзли кредит, шунингдек, 8,8 минг нафар ишсиз, кам таъминланган аҳолига 9,1 миллиард сўм субсидия ажратилди.
Ж.Ўроқовнинг таъкидлашича, шу пайтгача вилоятдаги 1126 маҳаллада иш бошлаган ҳоким ёрдамчиларининг 80 нафарга яқини алмашди. Жумладан, 6 нафари юқори лавозимга ўтган бўлса, кўпчилиги ушбу вазифага нолойиқлиги сабабли ишдан олинган. Бугунги кунда 18 маҳаллада ҳоким ёрдамчиси ўрни вакант ҳисобланади ва бу жойлар учун танлов эълон қилинган.