Ҳоким ёрдамчилари қандай ишлаяпти?: Уларнинг биринчи чоракдаги фаолияти таҳлил қилинди

Вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бош­қармасида ҳоким ёрдамчилари учун семинар ташкил қилинди.

Унда маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудлардаги марказлари, тижорат банклари, вилоят бошқармалари раҳбарлари иштирок этди.

- Ушбу семинардан мақсад биринчи чоракдаги фаолиятимизни таҳлил қилиш ҳамда келгуси вазифаларни белгилаб олиш, - дейди Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Баҳриёр Рофеев. - Бугунгача барча маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат хонадонбай, жумладан, аҳолининг бандлик даражаси, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолати ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжлари ўрганилди ва тўлиқ хатловдан ўтказилди. Шу асосда бандлик, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармалари ҳамда бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби вилоят бўлими томонидан 3482 нафар фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган, 8757 та кичик бизнес субъекти ташкил этилган, 496 нафар ҳунарманд фаолияти йўлга қўйилган.

Семинарда субсидиялар ва оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар ажратишга кўмаклашиш, биринчи навбатда, ижтимоий дафтарларга кирган ёшлар ва хотин-қизларни ишга жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш лозимлиги таъкидланди. Айни йўналишдаги ишлар мутасадди бошқармалар масъуллари иштирокида сарҳисоб қилинди.

- Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кредитлар ажратиш бўйича онлайн платформа ташкил қилинган, - дейди Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси бўлим бошлиғи Ихтиёр Эргашев. – Унда ҳар бир мижоз ўз аризасининг қайси босқичда экани, тавсия қилинган ёки рад этилганини кузатиш имкониятига эга. Ҳозирда ушбу платформа такомиллаштирилиб, шаффоф тизим яратиляпти.

Бугунгача “Oila – kredit” дастури доирасида ягона электрон платформа орқали юридик ва жисмоний шахслардан 30 минг 800 та ариза тушган. Ҳоким ёрдамчилари томонидан 14 минг 973 та ариза рад этилган бўлса, 10 963 та ариза асосида 318,7 миллиард сўмлик лойиҳалар маҳсулотлари таъминотчи корхоналар томонидан етказиб берилган. Жорий йилда “Агробанк”, “Микрокредитбанк” ва “Халқ банки” томонидан 5921 та лойиҳага 169,8 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган.