Ён дафтарчалар: “Дунёда ҳали ҳам адолатсизлик борлигидан афсусдаман”

XX аср француз адабиётининг йирик намояндаларидан бири, адабиёт бўйича 1957 йилги Нобель мукофотининг соҳиби Альбер Камю (1913-1960 йиллар) моҳир адиб, драматург, файласуф сифатида инсоният маданиятида ёрқин из қолдирган.
Камюнинг “Ён дафтарчалари” (ёзувчининг ўз тили билан айтганда — “дафтарлари”) ўқувчида хассос санъаткорнинг ижод олами сирлари, дунёқараши, табиат ва жамиятга муносабатлари ҳақида бир олам тасаввур ҳосил қилади. “Ён дафтарчалар” узоқ йиллар давомида — 1935 йилдан адибнинг фожиали ўлимига қадар битилган бўлиб, мавзулари ранг-баранг: уларда адабиёт, санъат, фалсафа, сиёсат, табиат, ижтимоий ҳаёт ҳодисалари, кундалик турмуш икир-чикирлари ва бошқалар ўз аксини топган.
Адибнинг шахсий ёзувлари бўлган “Ён дафтарчалар” у вафот этганидан кейин Франциянинг “Галлимар” нашриётида уч жилдлик ҳолида чоп этилган. Қуйида ушбу асардан олинган ўқувчиларни қизиқтириши мумкин бўлган айрим қайдлар ва фикрлар таржимасини эълон қиляпмиз.
***
Мен нечун файласуф эмас, санъаткорман! Сабаби: фикру ёдим ғоялар эмас, сўзлар оламида.
* * *
Шифокор эшиги олдида мук тушганлар худди даққи жониворларга ўхшаб кетади.
* * *
Ҳаётдаги энг муҳим масала — одамлар орасида умргузаронликни қандай ўтказиш.
* * *
Бизга “яратган образингда қиёфа йўқ”, деб таъна қилишади. Бироқ, ҳамма гап шундаки, тимсолнинг ўзи юзсиз. Тўнкалардан ўрнак олишимизни билмайдигандек, тағин муҳаббатдан йироқсизлар, деб ёзғиришади…
* * *
Сент-Бьё: “Мен ҳамиша шундай фараз қиламанки, мабодо инсон зоти бир дақиқа ёлғондан тўхтаб, ичидагини ошкор айтса борми, жамият шу заҳоти титилиб кетган бўларди”.
* * *
Гиммлернинг врачи бўлиб хизмат қилган (ва Дахаудан яхши хабардор бўлган) Карл Герхарднинг сўнгги сўзлари:
“Дунёда ҳали ҳам адолатсизлик борлигидан афсусдаман”.
* * *
1905 йил инқилоби Москвадаги босмахоналардан бирининг ишчилари ишбай ҳақ тўланишида нуқталар ва вергулларнинг ҳам ҳарф қаторида саналишини талаб қилиб, иш ташлашидан бошланган…
* * *
Москва Коммунаси пайтида Қувурлар майдонидаги тўплар ўқидан вайрон бўлган бино олдида ўлик жасадидан кесиб олинган бир парча гўшт солинган ликопча турар ва унинг тагида шундай ёзув бор эди: “Жабрдийдаларга мадад учун ўз ҳиссангизни қўшинг”.
* * *
Столипиннинг қотили Дмитрий Багровга шоҳона илтифот кўрсатилди — у фрак кийган ҳолида осилиш бахтига муяссар бўлди.
* * *
Инсонни ўлимга ҳукм қилиш — уни одам бўлиб олиш имкониятидан маҳрум қилиш демакдир.
* * *
Ёллаш. Қалами учидан учқун чиқмаган адибларнинг кўпчилиги ўзларини коммунистлар сафига уришаяпти. Бу — санъаткорларга тепадан қараб туриш имконини берадиган ягона илинж. Шу маънода коммунистлар — толеи чопмаганлар партияси. Табиийки, бу қўрғоннинг дарвозалари тирбанд.
* * *
Достоевский мазмунидан кўра, бу ҳаётнинг ўзига кўпроқ муҳаббат қўйиш керак, дейди. Тўғри, дарҳақиқат, ҳаётга муҳаббат сўнганида унинг мазмуни ҳам ўз-ўзидан ўчиб қолади.
* * *
“Дорилбақода қабр деган бир қаср борлигининг ўзиёқ дилга севинч бағишлайди”.
* * *
Марксизм — қозибозликка ғиж-ғиж тўлиб, ҳуқуқ илми анқонинг уруғига айланган фалсафадир.
* * *
Қулларга эҳтиёж мўл жойда имкони борича кўпроқ мусиқа ижод қилиниши зарур. Толстойнинг айтишича, бир немис князи шундай фикрда бўлган экан.
* * *
Толстойнинг иш столида қолиб кетган охирги, тугалланмаган асари шундай номланган: “Дунёда гуноҳкорнинг ўзи йўқ”.
«Жаҳон адабиёти» журналининг 2003 йил, 10-сонидан.