Йўқлов: Барот Нодир - деҳқон ва шоир
Жомбойлик Барот Нодиров Самарқанднинг фаол нуронийларидан. Ҳам тажрибали деҳқон, ҳам шоир, ҳам фаол жамоатчи. Муҳими, иродали инсон.
Ўтган асрнинг 80-йилларида бўлган "Пахта иши" оқибатида азоб-уқубат чеккан. Беш йиллик машаққатли "тақдир"дан сўнг яна колхозга раис бўлиб, илми, тажрибаси, омилкорлиги ва букилмас иродаси туфайли халққа ҳалол хизмат қилган. Элда ҳурмат, эътибор қозонган.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан вилоят Нуронийлар кенгаши раиси Саидаҳмад Усмонов ва бир гуруҳ жамоатчилар Барот бобо яшаётган Нўш қишлоғида бўлди.
Бир пиёла чой устида дилдан қурилган суҳбатда Барот Нодировнинг меҳнат фаолияти ёдга олинди. Ўз ўрнида меҳнат фахрийси айни кунларда юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, хусусан, Президентимизнинг "Янги Ўзбекистон" газетаси бош муҳаррири билан суҳбатда илгари сурган илғор ғоялари, тадбиркорлар билан мулоқотида айтган фикрлари ҳақида гапирди.
– Вилоят ҳокими номидан келган меҳмонларни кўриб бошим осмонга етди, - дейди 81 ёшли Б.Нодиров. – Бир умр қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилдим. Байрам арафасида уларнинг йўқлаб келишгани мен учун энг катта совға бўлди. Туман, маҳаллада бўладиган тадбирларда иштирок этаман, ёшларга тажрибамдан сабоқ беришга ҳаракат қиламан.