Йўқолиб қолган 10 ёшли қизча хабарига ИИББ изоҳ берди
- 25.02.2020 09:03
- 447
- Ўзбекистон
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Сергели тумани, Қўйлиқ-7 массивида яшовчи 10 ёшли қиз уйдан чиқиб, қайтиб келмагани ҳақида маълумот тарқади.
Ушбу маълумотга Тошкент шаҳар ИИББ изоҳ берди.
Маълум бўлишича, 10 ёшли М.М. 22 февраль куни кеч соат 17.00 да уйидан чиқиб, қайтиб келмаганлиги ҳақида унинг отаси – 35 ёшли Мирзағани Ю. хабар берган эди.
Отасининг айтишича, улар қизини койиганлари сабабли М.М. хафа бўлиб, уйидан югуриб чиқиб кетган. Қизнинг ота-онаси мустақил қидирувлардан сўнг шу куни соат 18.27 да 102 га қўнғироқ қилишган.
Ўсмир қизнинг қидирувида Сергели тумани ИИО ФМБ 6-сон ички ишлар бўлимининг барча кучлари ишга солинган. Соат 20.00 да Шукрона маҳалласи катта профилактика инспектори майор Бахтиёр Эшмирзаев ва профилактика инспектори катта лейтенант Хайрулла Ғаниев қизнинг ота-онаси томонидан тақдим этилган сурат ёрдамида уни ўша маҳалланинг ўзида топишган.