Ёш фермерлар соҳа имкониятларини ўрганди

"Фермер фермерга" тамойили асосида биринчи бор ташкил этилган семинарда институт ўқитувчилари, ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ходимлари, ёш фермерлар ва талабалар иштирок этди. 

Семинарнинг асосий мақсади институтнинг битирувчи босқич талабалари ва ёш фермерлар ўртасида боғлиқликни шакллантириш, ўқув амалиётини талабаларнинг ўзлари қизиққан йўналишдаги фермер хўжаликларида ўташ ва битирув малакавий ишини шу асосда ёзишларига қаратилган. Қолаверса, вилоятимиздаги 446 нафар ёш фермерга ўз маҳсулотини халқаро талабларга мос тарзда етиштириш, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва экспортни йўлга қўйиш борасида ҳам тушунча берилди. 

– Ҳозирда фермерларимиз бу борада керакли билим олиш учун қаерга ёки кимга мурожаат қилиш бўйича ахборотга эга эмас, – дейди институт доценти Иброҳим Fаниев. – Соҳага оид ўқув курсларининг етарли эмаслиги ҳам керакли билим олишга тўсқинлик қилади. Бунинг учун, аввало, олий ўқув юртлари қошида фермерлар имтиёзли фойдаланиши мумкин бўлган қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида кўмак бера оладиган консальтинг марказлари ташкил этишимиз керак. 

Семинарда ёш фермерлар соҳани ривожлантириш, хавфсиз ва харидоргир маҳсулот етиштириш ва даромадларни ошириш борасида зарур маслаҳатлар олди. 

– Хўжалигимиз 14,4 гектар ерда фаолият юритади, – дейди Ургут туманидаги "Сувонов Муродулла нурли даласи" фермер хўжалиги бошлиғи Отаёр Сувонов. – Ўз маблағимиз ҳисобидан маҳаллий, тезпишар ва ҳосилдор навли ёнғоқ кўчатларини экдик. Бугунги семинарда фермер хўжаликларини кўп тармоқлига айлантириш ва унинг афзалликлари бўйича тушунчага эга бўлдим.