Ёшлар етакчиси ташаббуси билан маҳаллада кутубхона ташкил этиладиган бўлди
Ҳафтанинг ҳар пайшанбаси “Ёшлар куни” сифатида белгиланган бўлиб, жойларда раҳбар ва ёшлар учрашувлари ўтказилмоқда. Ушбу мулоқотларда ёшларнинг муаммоларини тинглаш, уларга ечим топиш ҳамда илгари сурилаётган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда Каттақўрғон шаҳрида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ҳамда ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Дилфуза Азизова иштирокида ўтказилаётган очиқ мулоқотда ёшлар бандлик, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, таълим сифатини ошириш ва спорт тўгаракларини очиш масалаларида раҳбарларга мурожаат қилмоқда.
Жумладан, шаҳардаги Амир Темур маҳалласи ёшлар етакчиси Достон Шукруллаев маҳаллада китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида кутубхона ташкил этиш таклифини илгари сурди. Ушбу ташаббус қўллаб-қувватланиб, маҳалла биносида ташкил этиладиган кутубхона компьютер, китоблар жамланмаси ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминланадиган бўлди.
Жойларда раҳбар ва ёшлар учрашувлари давом этмоқда.