Имконият бор, натижа ва масъулият-чи?

Спорт соҳасидаги муаммо ва камчиликлар ўрганилиб, танқидий таҳлил қилинди

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икромов бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятдаги спорт таълим муассасаларининг ҳолати, спортчиларга яратилган шароитлар, селексия ишлари ҳамда шу йил Самарқандда  ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик жараёнларини ўрганди.

Дастлаб Самарқанд шаҳридаги 2-сон спорт мактаби фаолияти ва муассасага қарашли оғир атлетика залида машғулот жараёнлари, спортчилар учун яратилган шариотлар, “Ташаббусли бюджет” маблағлари асосида мукаммал таъмирланган ушбу мажмуанинг жиҳозланиш ҳолати кўздан кечирилди. Шунингдек,  “Нафис” спорт мажмуасида қуриладиган камондан отиш маркази лойиҳаси масъуллар иштирокида муҳокама қилинди. Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари Самарқанд шаҳрида замонавий моддий-техника ва ўқув-машқ базасига эга бўлган ҳудудий гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказининг қурилиш-монтаж ишларини кўздан кечирди.

Вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Нурмоновнинг таъкидлашича, Президент  қарори асосида барпо этилаётган ушбу марказ спорт зал, беш қаватли ётоқхона, ошхона ҳамда маъмурият биносидан иборат бўлади. Иншоот Самарқанд, Бухоро, Навоий, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари учун хизмат қилади. Ёшлар бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, спорт акробатикаси ва трамполин билан шуғулланади. Марказга 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган 132 нафар иқтидорли ўқувчи-спортчи қабул қилинади. Ўқиш муддати 11 йил бўлиб, ҳар йили 12 нафардан ўқувчи қабул қилинади ва битирувчиларга гимнастика спорт турлари мураббийи мутахассислиги берилади.

“Агромир Буилдингс” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиш ишлари олиб бораётган марказнинг ётоқхона ва ювиниш хоналарини жиҳозлашда шуғулланувчиларнинг ёш тоифасини ҳисобга олиш, қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича мутасаддиларга тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Спорт вазири шу йил  46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўтказиладиган “Силк Роад Самарканд” халқаро туризм марказида бўлиб, шахматчилар учун қулай шароит яратиш, ҳудудни мусобақа талаблари даражасида жиҳозлаш кераклигини таъкидлади. Ўрганиш давомида Тойлоқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази фаолияти, Тойлоқ ҳамда Самарқанд туманлари 1-сон спорт мактабларининг моддий-техник базаси, мураббийлар салоҳияти, спортчиларга яратилган шароитлар, эришилган натижалар ва селексия ишлари танқидий баҳоланди.

Самарқанд туманида Туркия, Германия, Россия, Хитой, Италия давлатлари технологиялари ёрдамида 40 дан зиёд спорт жиҳозлари ишлаб чиқарилаётган “Стеклопластик” корхонаси фаолияти билан ҳам танишилиб, вилоятдаги олий таълим муассасаларида талаба-ёшларнинг спорт билан  шуғулланиши учун яратилган шароитлар, олийгоҳларда ташкил этилган спорт клублари фаолияти ўрганилди. Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Адиз Бобоев ҳамда Спорт вазири Адҳам Икромов бошчилигида спорт соҳаси вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Спорт-таълим муассасалари, спорт федератсиялари, ҳамкор ташкилотлар, олий таълим, мактабгача ва мактаб таълими тизими масъуллари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари вакиллари иштирок этган йиғилишда соҳадаги муаммолар атрофлича муҳокама қилиниб, вилоятда спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Хусусан, ўтган йил ўтказилган “Президент олимпиадаси” спорт мусобақаларида вилоят спортчилари эришган натижалар қониқарсиз экани қайд этилди.

- Вилоятдаги иккита олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ва яна бир нечта спорт муассасалари қониқарсиз фаолият юритмоқда, - деди Адҳам Икромов. - Республикамизнинг аксарият ҳудудларида бундай марказлар сони битта ва бу борада Самарқанд етакчи. Аммо бугун марказлар талаб даражасида фаолият юритяпти, деб бўлмайди. Мисол учун, ўтган йил ўтказилган “Президент олимпиадаси” мусобақаларида  Тойлоқ олимпия маркази спортчилари бирорта спорт тури бўйича олтин медални қўлга киритмаган.

Йиғилишда ушбу муассаса  директори ишдан олингани маълум қилинган бўлса, Самарқанд шаҳридаги олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази раҳбарига огоҳлантириш берилди. Мулоқот давомида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2026-йилги мавсумига старт берилгани, мусобақа низомига киритилган  ўзгаришлар ҳамда оммавий тарғибот масалалари тақдимот кўринишида тушунтирилди. Мазкур олимпиаданинг ўтган йилги мавсумида Самарқанд вилояти биринчи ўринни эгаллагани, бунда маҳалладаги ёшлар етакчиларининг хизмати катталиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, спорт мусобақаларида маҳалла ёшларининг фаол иштирокини таъминлаб, уларнинг юқори натажаларга эришишига ҳисса қўшаётган Пахтачи туманидаги бешта маҳаллага бириктирилган тренер-селексионер Санжар Холмуродов, фаол ёшлар етакчилари ва маҳалла фаоллари ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Йиғилиш якунида масъулларга оммавий спортга қамровни ошириш, ёшларни мусобақаларга кенг жалб қилиш, электрон рўйхатга олиш тизимида шаффофликни таъминлаш бўйича аниқ кўрсатма ва вазифалар белгилаб берилди.

Фазлиддин РЎЗИБОEВ.